Ижтимоий хизмат соғломларга ҳам керак

“Инсон” бекати. Самарқанд шаҳридаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказини айнан шу бекатдан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган қисми учун яратилган инфраструктура “йўлакчаси” орқали адашмай топиб бориш мумкин. Кўзи ожиз инсонлар ҳаракатланиши учун тактил плиталар, брайль алифбосидаги маълумотномалар, аравачада ҳаракатланиш учун пандус ва бошқа қулайликлар фуқароларни марказ томон йўналтиради. 

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ушбу марказга пресс-тур ташкил этилди. Агентликнинг ҳудудий бошқармалари матбуот котиблари, республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда мазкур марказ мисолида вилоятимизда йўлга қўйилган ижтимоий хизмат сифати ва имкониятлари ҳақида маълумот берилди. 

— Бу ерда ҳар бир нарса инсонга қулайлик яратиши белгиланган, - дейди агентликнинг ахборот хизмати раҳбари Дилфуза Рўзметова. – Масалан, марказга кўзи ожиз фуқаро келса, у кириш қисмида жойлаштирилган брайль алифбосидаги ёзувлар орқали бинонинг тузилиши ва унда ҳаракатланиш тартиби ҳақида маълумотни олиши мумкин. Ичкарига кириши билан унга марказ ходимлари ва волонтёрлар кўмак беради. Мурожаатчиларнинг вақтини тежаш мақсадида операторлар ишлаб турибди. Улар шу ернинг ўзида мурожаатингизни қабул қилиши ёки талабга кўра, сизни мутахассисларга йўналтириши мумкин.

Бинода тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси, ижтимоий тўловлар, болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш шуъбалари, болалар ва катталар психологи бўлимлари фаолият юритмоқда. Маълумотга кўра, иш бошлаганига ҳали кўп бўлмаган марказда 115 га яқин ижтимоий хизматлар кўрсатилмоқда. Ўтган қисқа даврнинг ўзида фуқаролар у орқали 3700 га яқин хизматдан фойдаланган. 

Айни кунда вилоятда 484 нафар, Самарқанд шаҳрининг ўзида 64 нафар ижтимоий ходим фаолият олиб бормоқда. Уларнинг асосий вазифаларидан бири ижтимоий хизматларни маҳалла даражасида кўрсатиш, яъни фуқароларнинг марказгада овора бўлиб келишининг олдини олиш ҳисобланади. Жараёнда холисликни таъминлаш учун ижтимоий ходим томонидан у ёеи бу фуқарога нафақа ёки бошқа моддий ёрдам турлари берилиши бўйича сўрови “маҳалла еттилиги” иштирокида кўриб чиқилиб, тасдиқланиши тартиби йўлга қўйилган.

— Хабарингиз бор, марказларда пуллик хизматлар ҳам кўрсатилади, - дейди Дилфуза Рўзметова. – Бироқ буни нотўғри талқин қилувчилар кўпаймоқда. Баъзилар ижтимоий хизмат фақат кам таъминланганларга кўрсатилиши керак, деб ҳисоблайди. Лекин ундан фақат “реестр”га киритилганлар эмас, барча инсонлар фойдаланиши ижтимоий фаровонлик омили ҳисобланади. Айтайлик, фуқаро ногирон ота-онасининг парвариши билан банд бўлиб, таълим олиш ёки ишлаш учун вақт ажрата олмаяпти. Шундай мураккаб шароитда унга ижтимоий ходимлар кўмакка келади. Ота-онаси малакали мутахассислар назоратида эканлидан кўнгли тўлган фуқаро жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида яшаши мумкин бўлади. Бу ҳам ижтимоий ҳимоянинг муҳим йўналиши.

Марказ қошида инклюзив ривожланиш маркази ташкил этилган. Унда ҳозирча терапия таъсирига эга 4 йўналишда тўгараклар фаолият юритмоқда.

— Бу ерда болажонларга рассомчиликдан сабоқ беряпман, - дейди Зилола Турақулова. – Жажжи шогиртларим ранглар орқали ўз кечинмалари, ҳиссиётларини намойиш қилади, бошқалар билан мулоқот қилишни ўрганади. Бу нафақат имконияти чекланган, балки соғлом болажонлар учун ҳам жуда фойдали.

— 2 ой бўлди, кулолчиликка қатнаяпман, - дейди 17 ёшли Ўлмас. – Аслида кўча-куйга камроқ чиқишга ҳаракат қиламан, мактабга ҳам бормайман. Таълимни уйда оламан. Бошимда муаммойим бор, шовқинга чидай олмайман. Бунгача ёзги таътилларни уйда, китоб ўқиб ўтказардим. Тўгарак очилганидан жуда хурсанд бўлдим. Бу ерда янги дўстлар ҳам орттирдим.

Пресс-тур иштирокчилари Самарқанд шаҳридаги Девори Кундаланг ва Юлдуз маҳаллаларида бўлиб, ижтимоий ходимларнинг фаолияти билан ҳам танишди. Жараёндаги муаммолар, ижтимоий хизматлар сифатини ошириш масалаларида таклифлар берилиб, фикрлар алмашинилди.

Асқар БАРОТОВ.