Икки бошли одам
Бу ғайриоддий одам - Паскуаль Пинон 1889 йилда Мексикада туғилган. Иккинчи боши пешанасининг тепасида жойлашган бўлиб, асосий бошининг кичкинагина нусхасини тасвирлар эди. Мексикалик спиртли ичимликлар истеъмол қилганида, кичкина боши юзига тупуриб, ҳиққиллай бошларди.
Кончилар қишлоғининг маҳаллий аҳолиси Пинонни "Шайтоннинг ўғли" деб атарди. Шунинг учун боғлаб қўйиб, узоқ вақт давомида чуқурликда маҳбус сифатида ушлаб турган.
Сан-Диегодаги хусусий театр томошалари ташаббускори Жон Шайдлер Паскуаль тўғрисида эшитганида, табиатнинг бу мўъжизасини излаб топишга қарор қилди. У Паскуаль Пинон томошаларида иштирок этса, унинг цирки машҳур бўлиб кетишига ишонарди.
Импрессарио бўлажак цирк артистини топиш мақсадида Мексикага йўл олди. У тоғли қишлоқда толиқиб юриб, икки бошли одам ҳақида суриштирганда, одамлар ўзини ҳеч нарса билмагандек тутарди ва у ҳақида ҳеч қачон эшитмаганлигини айтарди. Жон аҳолининг кўрсатган адоватидан ҳайрон бўлди, кейинчалик Паскуалнинг узоқ вақт давомида конда боғлаб қўйилганини билиб олди. Цирк эгаси охир-оқибат Паскуаль сақланадиган конни топишга муваффақ бўлди.
У катта қийинчилик билан маҳаллий аҳолини Паскуални қўйиб юборишга кўндирди. Шундан сўнг Пинон янги - цирк артисти касбини ўзлаштира бошлади. Икки бошли артистнинг циркдаги дебюти 1927 йилда бўлиб ўтган. Ўша пайтда у ҳеч нима қилмасдан фақат омма олдида чиқиб ўтириши билан залдаги одамларни ҳайратда қолдирди.
Унга шляпа кийдирилганди, иккинчи бошининг юзи шляпада қилинган тешик орқали одамларга боқарди. Кўзлари ҳушёр турар, ҳар замонда юзини буриштириб, лабларини қимирлатар, товуш пайчалари ривожланмаганлиги сабабли гапирмас эди.
Кўпчилик мексикаликнинг иккинчи боши сирини очишга ҳаракат қилган. Ҳақиқатга яқини у кам ривожланган эгизак биродарга тегишли деган тахминлар бўлган. Кўринишидан ривожланишнинг баъзи босқичларида она қорнида иккала ҳомиланинг боши бирга ўсган. Шу тарзда Паскуаль икки бош билан дунёга келган.
Томошалар Паскуаль бутунлай воз кечгунча давом этди. Кейин у циркда кичкина бошини катта цилиндр остида яшириб, оддий фақир сифатида томоша кўрсатишни давом эттирди. Томошаларнинг бирида цилиндр бошидан йиқилиб тушди ва одамлар унга тош ота бошлади.
Шундан сўнг у цирк томошаларидан бутунлай воз кечишга қарор қилди ва кутилмаганда ўзида одамларга шифо берувчи ва уларнинг истакларини рўёбга келтирувчи хусусиятларни очди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра унинг олдига келган одамларнинг истаклари ҳақиқатан ҳам бажарилган.
Паскуаль Пинон узоқ яшамади. У 1929 йилда 40 ёшида вафот этди. Пинон "Гиннеснинг рекордлар китоби"га киритилган ва Лондондаги "Мадам Тюссо" музейида ундан мумсимон ҳайкалларни ясашда фойдаланилган.
Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.