Илмий мактаб яратган шифокор

Болаларда касалликни даволаш учун шифокор чуқур билим ва тажрибага эга бўлиш билан бирга бемор боланинг айта олмаган оғриқли ҳолатини, руҳий кечинмаларини ҳам қалб-шуури билан ҳис эта олиши лозим. Бундай фазилат эса ҳаммага ҳам берилавермай­ди. Ана шундай хислатга эга бўлган кам сонли болалар шифокорларидан бири педиатрия соҳасининг билимдони Ҳамид Маматқулов эди.

Профессор Ҳ.Маматқулов 1940 йилнинг 15 августида Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани­да таваллуд топди. Ўрта мактабни тугатгач, Самарқанд давлат тиббиёт институтида таҳсил олди. Инсти­тутни битириб, меҳнат фаолиятини Жиззах туманидаги “Тоқчилик” қишлоқ участка шифохонасида врач-педиатрликдан бошлади. Уч йилдан сўнг билимини янада оши­риш истагида ўзи таҳсил олган институтда педиатрия мутахассислиги бўйича аспирантурада ўқиди.

Ёш олим 1970 йилда номзодлик диссертациясини муваффақиятли ёқлади. Меҳнатсеварлиги билан устозлар ишончини қозонган Ҳамид Маматқулов даволаш факультети болалар касалликлари кафедрасида ишга қолдирилди. У қатор йиллар давомида мазкур кафедрада ассистент, доцент ва мудир вазифалари­да ишлади. Заҳматкаш олим янги илмий тадқиқотларини ўша кезларда республикада кичик ёшли болалар­да кенг тарқалган ўткир зотилжам, сепсис ва ўткир ичак касалликла­рида бемор боланинг гомоестазини коррекцияси ва даволаш усулларини ишлаб чиқишга бағишлади. Устоз ўз илмий изланишларини умумлаштириб 1985 йилда фан доктори бўлди.

Диссертацияда ишлаб чиқилган хулоса ва тавсияларни кенг амали­ётга жорий қилиниши мамлакатда болалар ўлимининг камайишига олиб келди. Унинг илмий ишлари аҳамияти юқори баҳоланди. Орадан икки йил ўтгач, унга профессор илмий унвони берилди. 1988 йилда педиатрия кафедраси мудирлигига сайланди. Шунингдек, педиатрия факультети декани, институт илмий ишлар бўйича проректори лавозим­ларида самарали фаолият кўрсатди.

Профессор Ҳ.Маматқулов эллик йиллик илмий-педагогик фаолияти даврида педиатрия соҳасида ўзига хос илмий-амалий мактаб яратди. Устоз шогирд танлашда уларнинг билим ва иқтидори, фанга фидойи­лигини асосий мезон қилиб белги­ларди. Табиатан хушфеъл бўлса-да, шогирдлардан ижро интизомини қатъий талаб қиларди.

Унинг мактабида педиатриянинг ўта долзарб муаммолари ечимига қаратилган илмий тадқиқотлар олиб борилди. Домла раҳбарлигида йи­гирмата номзодлик, иккита доктор­лик диссертациялари ёқланди.

Устоз мудирлик қилган йилларда педиатрия кафедраси СамДТИ 1-кли­никасининг болалар касалликлари бўлимлари базасида жойлашган эди. У бўлимлардаги беморларни, айниқ­са оғир ҳолатдаги болаларни диққат билан тиббий кўрикдан ўтказарди. Аниқ ташхис қўйиб даволаш усулини белгиларди. Устознинг бемор билан суҳбатлашиш маданияти, уларнинг кўнглини кўтариб, ўзига ишонтира олиш қобилияти, керакли сўзлар­ни топиб ўз ўрнида ишлата билиши шогирдлар учун маҳорат мактаби эди. Шогирдларига доим жони оғриб турган бемор бола ва унинг ота-она­си учун профессор ёки академикнинг аҳамияти йўқлигини уқтирарди. У врач ҳамиша бемор билан чин кўн­гилдан дўстона муносабатда бўлиши кераклигини таъкидларди.

Ҳамид Маматқулов ҳаёт бўлга­нида бугун 80 ёшни қаршилаган бўларди. Ундан қолган бой илмий мерос, қобил фарзандлар ва шо­гирдлар устознинг хайрли ишлари­ни давом эттириб келишмоқда.

Яхшинор АЛЛАЁРОВ,

Турдиқул БОБОМУРОДОВ,

Турсунпўлат ШОМУРОДОВ.