Илмий тўгараклар – иқтидорли талабаларга имкон

Бугунги кунда олий таълим муассасаларида талабаларни илмий-тадқиқот фаолиятига жалб этиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш ва инновацион фикрлашини ривожлантириш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Бу жараёнда илмий тўгараклар талабаларнинг назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштириш, мустақил изланиш олиб бориш ҳамда касбий компетенсияларини шакллантиришда муҳим ўрин тутади. Шу жиҳатдан, Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтида ташкил этилган илмий тўгараклар фаолияти алоҳида аҳамият касб этади.

Институтда ҳозирги кунда 5 та кафедра қошида жами 11 та илмий тўгарак фаолият кўрсатиб, уларда 300 га яқин талаба қамраб олинган. “Устоз-шогирд” анъаналарини давом эттирган ҳолда талабалар институтнинг профессор-ўқитувчилари билан биргаликда турли илмий соҳаларда изланишлар олиб бормоқда. Ушбу тўгараклар талабаларнинг илмий салоҳиятини ривожлантириш, амалий кўникмаларини ошириш ҳамда уларни илмий-тадқиқот фаолиятига кенг жалб этишга хизмат қилмоқда. Тўгараклар фаолияти доирасида ҳар ҳафта талабалар билан махсус машғулотлар ташкил этилмоқда.

Хусусан, агротехнология кафедраси қошида “Ёш тадқиқотчи” ва “Ёш муҳандис” илмий тўгараклари фаолият юритиб, талабаларга замонавий агротехнологиялар ва муҳандислик ечимлари бўйича билимлар берилмоқда. Иқтисодиёт ва бухгалтерия ҳисоби кафедраси ҳузурида “Ёш иқтисодчи” ҳамда “Ёш ҳисобчи” тўгараклари ташкил этилган бўлиб, улар орқали талабалар иқтисодий таҳлил, молиявий ҳисоб-китоб ва бухгалтерия ҳисоби асосларини чуқур ўзлаштирмоқда.

Ўсимликшунослик кафедраси қошида “Зироатшунос” илмий тўгараги фаолият олиб бориб, талабаларга ўсимликларни етиштириш, агробиологик жараёнлар ва замонавий технологиялар бўйича амалий билимлар берилмоқда. Доривор ўсимликлар ва озиқ-овқат технологияси кафедраси қошида эса “Ибн Сино издошлари”, “Ёш чорвадорлар” ва “Ёш технологлар” илмий тўгараклари ташкил этилган бўлиб, бу тўгаракларда доривор ўсимликлар, чорвачилик ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш технологиялари бўйича билим ва кўникмалар шакллантирилмоқда.

Шунингдек, Рақамли технологиялар, туризм ва гуманитар фанлар кафедраси қошида “Creative students”, “Ёш дастурчи” ва “Гид-туроператорлар” илмий тўгараклари фаолият юритиб, институтнинг бир қатор иқтидорли талабалари ушбу тўгаракларда фаол иштирок этмоқда. Мазкур тўгараклар орқали талабалар рақамли технологиялар, дастурлаш, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларига оид замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга бўлмоқда.

Илмий тўгараклар фаолияти давомида иқтидорли талабалар ўзларининг стартап лойиҳалари билан иштирок этиб, устозлардан лойиҳа шакллантиришдаги камчиликлар, уларни бартараф этиш ва янада ривожлантириш бўйича муҳим тавсиялар олмоқда. Бу эса талабаларнинг инновацион фикрлашини ривожлантириш ҳамда уларнинг келажакдаги касбий фаолиятига мустаҳкам замин яратмоқда.

2025 йил 12–13 ноябрь кунлари Туркманистон Қишлоқ хўжалиги институти томонидан ўтказилган халқаро “Агроинновация: Барқарор ривожланиш йўли” лойиҳалар танловида “Ибн Сино издошлари” илмий тўгараги фаол аъзоси, доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш технологияси таълим йўналиши талабаси Азимжон Ҳамроев ўзининг “Green protein” инновацион лойиҳаси билан иштирок этиб, 3-ўринни эгаллади.

Шунингдек, “Ёш иқтисодчи” илмий тўгараги аъзоси, иқтисодиёт таълим йўналиши талабаси Жасмина Хуррамова “Қурилиш чиқиндиларидан декоратив буюмлар ясаш” лойиҳаси билан “Мирзо Улуғбек ворислари” республика танловида мутлақ ғолибликни қўлга киритди.

Сардор Усмонов,

Ёшлар академияси лидери.