«Илтимос»лар ёки илдиз отган иллатлар ҳақида
Чунки жамиятдаги турли-туман муносабатлар инсонлар ҳаётининг мазмун-моҳиятини ташкил этади. Инсонлараро муносабатлар буйруқ, дўқ, пўписа, талаб, сўров, ўтинч, ялиниш, шикоят, илтимос ва бошқа шу каби кўплаб шаклларда амалга ошади. Бу муносабат шаклларидан энг оммабоп ва маданийроқ кўринишдагиси илтимосдир.
Илтимос – маълум бир эҳтиёжни қаноатлантиришга қаратилган, хизмат қиладиган маданий мурожаат туридир. Ҳатто бирор бир ножўя ҳатти-ҳаракат содир этилганлиги туфайли сўраладиган узрхоҳлик, кечирим ҳам илтимос билан айтилса, унинг ижобий натижасига умид қилса бўлади. Оддийгина “кечиринг”, “узр” дейилгандан кўра, “Илтимос, узримни қабул қилинг”, “Илтимос, мени кечиринг”, “Илтимос, мени афв этинг”, “Илтимос, бир қошиқ қонимдан кечинг!”, “Илтимос, гуноҳимдан ўтинг!” каби мурожаат шаклларининг таъсирчанлиги ўта юқори бўлибгина қолмай, кишининг нақадар маданиятли эканлигини ҳам намоён этади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳар қандай илтимоснинг қаноатлантирилиши жамиятда кўпчилик риоя этадиган адолат тамойилларига зид келмаслиги лозим. Шу нуқтаи назардан қараганда, илтимос ҳам ўз мазмун-моҳияти, характер-хусусиятига кўра адолатли ёки адолатсиз бўлиши мумкин. Илтимосдан нафақат адолат тарафидаги инсонлар, унинг акси бўлган разолат тарафидаги инсонлар ҳам ўзларининг ғаразли мақсад ва манфаатлари йўлида фойдаланадилар.
Яқин ўтмишимизда жамият тараққиётига хавфли тўсиқ бўлган бюрократия, порахўрлик, коррупция иллатларининг авж олиб кетишида илтимоснинг ҳам маълум ўрни бор. Ҳаёт давом этар экан, кимгадир уй керак, кимгадир машина, яна кимга томорқа, кимгадир санаторияга йўлланма, кимга мебель ва ҳоказо. Бундай эҳтиёжларнинг эса сон-саноғи йўқ. Эҳтиёж талаб нарсалар эса ҳаммага етадиган даражада эмас... Нима қилиш керак? Илтимос... илтимос қилиш керак!! Буларнинг ичида ишга, ўқишга кириш ҳар ким ҳам забт эта олмайдиган илтимослар довонининг энг баланд чўққисига айланди.
Бошқа соҳаларни қўя турайлик-да, ҳар қандай мамлакат тараққиётини таъминлашда энг муҳим ўрин эгаллайдиган таълим тизимида авж олган илтимоснинг таг заминига бирров назар ташлайлик. Дейлик, боламизни боғчага бермоқчимиз. Боғча мудираси, боғча худди унинг шахсий томорқасидек, масалани кўндаланг қўйиб, жой йўқ, дейди. Илож қанча, йўл қидирасиз. Ахир у болангизни бизнинг боғчага беринг, деб сиздан сўраётгани йўқ, аксинча сиз боламни боғчангизга қабул қилинг, деб илтимос қиляпсиз. Илтимос эса қуруқ бўлмайди... Жой ҳам топилади. Айтайлик, болангизни мактабга бермоқчисиз. Сиз мурожаат қилган мактаб директори эса ўрин тўлган, дейди. На илож, яна илтимос қиласиз ёки илтимос қилдирасиз. Ўрин табиий топилади. Навбат олий ўқув юрти остонасига келди... Бу томони оғирроқ. Яна илтимос қила оладиган одам қидирасиз. Топасиз ҳам.
Илтимоснинг таъсири илтимос қилувчининг мансабига, эл-улус олдидаги обрў-эътиборига қараб ҳам ҳар хил бўлиши мумкин. Оддий одамнинг илтимоси унчалик катта кучга эга бўлмайди. Мансаб эгаси ёки амалдор шахснинг илтимоси эса катта кучга эга бўлади. Мана шу тариқа бюрократия бўй чўзган яқин ўтмишимизда илтимосдан адолатсизлик йўлида фойдаланиш авж олди. Оқибатда эса порахўрлик ва коррупция кучайиб борди. Бу иллаталардан кўз юмилди, уларнинг кенг тус олишига тўсиқ бўладиган куч топилмади. Шундай қилиб, таълим тизимида “илтимос” бюрократия, порахўрлик ва коррупциянинг ажралмас бўлагига айланиб қолди.
Ҳаётда бир инсоннинг фаолияти бошқа инсонларнинг фаолиятлари билан бевосита ёки билвосита боғлиқдир. Олий ўқув юртларига ўқишга кирган саёз билимли, лаёқатсиз, маълум иқтидор ва истеъдодга эга бўлмаган талабалар амал-тақал қилиб ўқишни ҳам битириб олади. Энди улар яна ўша тахлит илтимослар билан ишлаб чиқаришга, жамиятни бошқаришга, таълим тизимига, даволаш муассасаларига ва бошқа жойларга бориб ишга жойлашадилар. Мана шу тариқа, илтимосларнинг кучи билан мамлакатда узиб бўлмайдиган занжир тизим вужудга келди. Охир оқибатда нима бўлди?.. Сифатсиз таълим, билимсиз ўқувчи, лаёқатсиз талаба, жамиятни, мамлакатни, миллат тақдири ва келажагини ўйламайдиган, ўз шахсий манфаатини бошқалар манфаатидан устун қўядиган худбин, жамият учун яроқсиз кадрлар етиштириш авж олди.
Таълим тизимида ўқишга кириш ва ўқиш даврида илтимос қилиш маиший коррупциянинг ажралмас бир қисми даражасида шаклланди. Бошқача қилиб айтганда, ҳуқуқ ва ахлоқ меъёрларига мутлақо тўғри келмайдиган, ҳар қандай ишни амалга оширишга қурби етадиган “илтимос қилиш” нормал ҳолатга айланди. Олий таълим тизимидаги илтимослар жараёни абитуриент ўқишга кирган кундан бошланади. Бу илтимослар дарс ўтадиган ўқитувчиларни дарсни ўтиш давридан то семестр тугаб, якуний назоратлар олиб бўлингунича муттасил таъқиб этиб боради. Натижада дарс ўтган ўқитувчилар талабаларнинг билимини нисбатан бўлса ҳам, адолатли, холисона, билимига яраша баҳолай олмайдилар. Оқибатда яхши ўқийдиган, интилувчан талабаларнинг билими пастроқ баҳоланаади, дарсларга келмайдиган, фанни ёки мавзуни етарли билмайдиган, нўноқ талабаларнинг билими илтимослар тазйиқи остида юқорироқ баҳоланади. Бу ҳолни атрофдагилар, ҳамма кўриб туради, аммо бу борадаги адолатсизлик йиллар давомида шаклланиб, томир отиб кетганлиги туфайли, ҳеч ким унга эътироз билдирмайди. Оқибатда бу иллат яна ҳам чуқурроқ, яна ҳам кенгроқ тус ола боради. Натижа барчага аён...
Таълим тизимида ижтимоий тартибни ўрнатиш, унинг замон билан ҳамнафас тараққиётини таъминлаш, бу тизимдаги бюрократик ва коррупцион ҳолатларга қарши самарали курашиш мақсадида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.
Қарорда олий таълим сифатининг ошишига ҳамда олий таълим муассасаларининг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этишига тўсқинлик қилувчи бир қатор омиллар ўринли кўрсатилган. Чунончи, олий таълим тизимида ўқитишни ташкил этиш жараёни, таълим олаётган талабалар билимини баҳолаш тизими бугунги кун талабларига жавоб бермаётганлиги алоҳида таъкидланган.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан “Олий таълим муассасаларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолаш тизими тўғрисидаги низом” ишлаб чиқилиб, бунда асосий эътибор: баҳолаш тизими ва мезонларини узлуксиз таълим тизимининг босқичларига мувофиқлаштиришга, таълим йўналишларининг ўзига хос жиҳатларини инобатга олган ҳолда талабалар билимини баҳолашнинг замонавий, шаффоф ва адолатли усулларини, шу жумладан, муайян фандан дарс берадиган ўқитувчиларнинг якуний назорат жараёнларидаги иштирокини истисно этадиган тизимни жорий этиш, семестр якуни бўйича академик қарздор талабаларнинг қайта топшириши мумкин бўлган фанлар сонини белгилашга ва уларни топшириш муддатини ўзгартиришга қаратилди. Ушбу Қарор ва вазирлик томонидан ишлаб чиқилган талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолаш тизими тўғрисидаги низомнинг амалга татбиқ этилиши билан олий таълим муассасасида дарс ўтадиган ўқитувчи якуний назоратлар қабул қилишдан озод этилади. Бу билан талаба билимининг нотўғри, нохолис, адолатсиз, номуносиб баҳоланишига олиб келадиган илтимосларнинг илдизига буткул болта уриладиган бўлди.
Давр ўзгарди, замон ўзгарди, муҳит ўзгаряпти, шу жумладан одамлар ҳам ўзгаряпти. Энди бугунги кун одами ўз кучига, ақлига, билимига, истеъдодига, лаёқатига ишониши, мамлакатни бошқараётган раҳбариятга суяниши ва уларга таянч бўлиши зарур.
“Жорий ўқув йилида олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда, тест жараёнларини ўтказишда адолатли мезон қўлланилди. Бу жараёнда илтимосга ҳеч қандай ўрин қолдирилмади. Яхши тайёргарлик кўрган, билимли, иқтидорли, истеъдодли ёшлар тестларни ўз кучлари билан ечиб, ўзлари танлаган олий таълим муассасаларига ўқишга кирдилар. Энди уларнинг ҳаётида илтимос тушунчаси кечагидек салбий маъно англатмайди. Энди улар устозларга қарата: “Азиз устозлар, илтимос, бизга илм ўргатинг, илм чўққиларига йўл кўрсатинг, дунё илм-фани асосларини яратган улуғ аллома бобокалонларимиз анъаналарини давом эттирайлик!”, – демоқдалар.
Фарҳод Набиев,
СамДУ профессори,
Мардон Болтаев, доцент.