Имконияти чекланганларнинг имкониятлари

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси тасаррруфидаги алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган (кар ва заиф эшитувчи) болалар учун ихтисослаштирилган 61-сон мактаб-интернатига вилоятимизнинг барча туманларидан эшитишида нуқсони бўлган 6 ёшдан 17 ёшга бўлган болалар қабул қилиниб, уларга таълим-тарбия берилади.

Бу ерда ўқув тарбия жараёни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Республика таълим маркази томонидан ишлаб чиқилган ўқув дастурлари ва дарсликлари асосида ташкил этилган. Шу билан бирга, ўқув жараёнига коррекцион дарслар, эшитиш идрокини ривожлантириш, нутқи ва талаффузини шакллантириш ва касбга йўналтирувчи машғулотлар киритилган.  


Муассасамизда барча шароитлар яратилган, - дейди мактаб-интернати директори Гуляра Иргашева. - 300 ўринга мўлжалланган ўқув бинолари ва шунча ўринли ётоқхона, тўгарак машғулотлари учун махсус хоналар, кутубхона, ошхона ҳамда спорт майдонлари мавжуд. Айни пайтда муассасада 33 та синфда 336 нафар ўқувчи бўлиб, уларга 93 нафар дефектолог, сурдопедагоглар дарс бериб келмоқда. Дарсдан кейин мактаб-интернати кун тартиби бўйича ўқувчилар 65 нафар тарбиячилар назоратида бўлишади. 

Ўқувчилар дарсдан ташқари бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун муассасада 30 турдаги фан, касбга йўналтирувчи ҳамда спорт тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган. Бу тўгаракларда фаол қатнашиб келаётган ўқувчиларимиз турли танлов ва мусобақаларда ғолибликни қўлга киритиб келяпти. Жумладан, 2023 йилда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси илм-фан ва таълим тарбияни ривожлантириш фонди томонидан ўтказилган юртимизнинг энг фаол ташаббускор, ижодкор ёшларни аниқлайдиган "Ziyolilar TOP-100" лойиҳасида мактаб-интернати ўқувчиси Табассум Салимова ғолиб бўлди. Шахмат-шашка бўйича вилоят очиқ биринчилигида интернат ўқувчилари Шамсиддин Равшанов, Озодбек Болиқулов биринчи, Шоҳруҳ Бурхонов иккинчи, Табассум Салимова, Сарварбек Хушвақтов учинчи ўринларни эгаллаган. Шунингдек, охирги тўрт йил давомида 20 нафарга яқин битирувчи турли йўналишда юртимиздаги олий ўқув юртлари талабалари бўлишди. 

Мактаб-интернатида ўқув ва таълим тарбия жараёнлари “Замин” халқаро жамоат фондининг “Мен эшитишни хоҳлайман” лойиҳаси доирасида ҳомийлик сифатида берилган замонавий эшитиш аппаратлари ёрдамида олиб борилади. Бундан ташқари, ушбу фонд ёрдами билан мактаб-интернатида замонавий компьютер ва работотехника хоналари ташкил этилиб, ўқувчилар ушбу хоналардан фойдаланиб келмоқда. 

Тарбияланувчиларнинг соғликларини назорат қилиб боришлари учун тиббиёт ходимлари ҳам туну кун хизмат кўрсатади. 

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Эъзоза МЕЙЛИЕВА,

Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).