Имкониятлар майдони: инклюзив спорт орқали тенглик сари қадам

21 март – Бутунжаҳон Даун синдроми бор инсонлар куни муносабати билан Самарқанд шаҳрида инклюзив спорт тадбири ташкил этилди. Унда бочче бўйича ўтказилган мусобақада Даун синдроми ва аутизми бор болалар иштирок этишди.

Тадбир иштирокчиларидан бири Севинчбону Очилова икки йилдан буён спорт билан шуғулланиб келмоқда. Унинг онаси Соадат Иргашеванинг таъкидлашича, баъзан машғулотларда у ўзи истагандек ҳаракат қилишга интилади, бироқ мураббийлар уни сабр ва меҳр билан тўғри йўналтиради. Севинчбону нафақат спортда, балки ўқишда ҳам фаол: у тарихга қизиқади, мустақил равишда маълумотлар ўрганади ва география хариталарини чиройли чизади.

Мусобақа давомида иштирокчилар гуруҳларга бўлиниб, ўзаро куч синашдилар. Севинчбону эса спортдаги ютуқлари билан ҳам алоҳида ажралиб туради: у 2025 йилда Фарғонада ўтказилган пара каратэ мусобақасида Марказий Осиё чемпиони бўлган. Шунингдек, Тошкентдаги мусобақада Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритиб, 2026 йилда Индонезияда бўлиб ўтадиган халқаро мусобақага йўлланма олган.

– Менинг мақсадим – олтин медални қўлга киритиб, юртимиз байроғини юксакларга кўтариш, – дейди Севинчбону. У машҳур спортчи Диёра Келдиёрова каби юқори натижаларга эришишни орзу қилади.

Тадбир ташкилотчиси “Имон” ННТ директори Заррух Раҳматов таъкидлашича, ушбу ташаббуснинг асосий мақсади — ҳар бир бола, унинг ҳолатидан қатъи назар, спорт билан шуғулланишга ҳақли эканини кўрсатишдир. Мусобақада Даун синдроми бор иштирокчилар орасида халқаро турнирларда ғолиб бўлганлар ҳам бор.

Якунда барча иштирокчиларга ҳомийлар томонидан эсдалик совғалар топширилди. Бундай тадбирлар жамиятда тенглик, қўллаб-қувватлаш ва инклюзив муҳитни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Муниса ШАМСИЕВА.