“Имом Бухорий – муҳаддислар султони”
Шу номли рисолада буюк муҳаддис, ислом оламида “Дунё имоми”, “Ҳадис илмида мўъминлар амири” каби юксак ва шарафли номларга сазовор бўлган ватандошимиз Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси ҳақида сўз юритилган.
“Маҳорат” нашриётида нашр этилган ушбу рисоланинг муқаддимасидан буюк муҳаддиснинг насл-насаби, ёшлиги, илмий сафарлари, устозлари, шогирдлари, сийрати ва гўзал ахлоқи ҳақидаги маълумот ўрин олган.
Кейинги ўринларда алломанинг илмий мероси ҳақида батафсил маълумотлар берилиб, ислом динининг асл мазмун-моҳиятини теран англашда, ижтимоий-ахлоқий жиҳатларга тарғиб этишда, ёшлар тарбиясини диний ва миллий қадриятлар билан тўйинтиришда Имом Бухорий меросининг аҳамияти, ўрни қай даражада муҳимлиги таъкидланади. Шунингдек, унда улуғ муҳаддиснинг илмий фаолиятида алоҳида аҳамиятга эга бўлган воқеалар, илмий баҳслар ва “Саҳиҳул Бухорий”да жамланган ҳадислардан намуналар келтирилган.
***
Табиатнинг ўзи табиб

Яратган заминимизни турли доривор ўсимликлар билан зийнатлаган. Тупроқда ўсадиган ҳар бир гиёҳ азалдан турли касалликларни даволашда қўлланиб келинади. Уларнинг шифобахш хусусиятлари ҳақидаги маълумотлар асрлар давомида аждодлардан авлодларга ўтиб келмоқда. Замонавий тиббиёт қанчалик ривожланган бўлмасин, бугун бундай табиий гиёҳлар одамларнинг саломатлигини тиклашда ўз аҳамиятини йўқотмаган.
“Фан булоғи” нашриётида табобат ихлосманди Талъат Абдуллаевнинг “Шифобахш ўсимликлар: мейер смородинаси, рўян, хушбўй мойчечак, Эрон зираси, жингалак отқулоқ” рисоласи чоп этилди. Рисолада турли ҳудудларда ўсадиган табиий доривор ўсимликларнинг фойдали хусусиятлари, уларни қандай тайёрлаш ва фойдаланиш ҳақида тавсиялар берилган. Хусусан, муаллиф ушбу ўсимликларни тавсия қилар экан, уларнинг турли касалликларда инсон танасига қандай таъсир қилиши батафсил тушунтирилади ва улардан шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда фойдаланиш зарурлигини уқтиради.
Талъат Абдуллаевнинг бугунгача Самарқанд заминида ўсадиган турли фойдали гиёҳлар тавсифи ва таърифига бағишланган бир нечта рисолалари нашр этилиб, кўпчиликка саломатлигини тиклашда нафи тегмоқда.
Сулаймон Мардиев.