Имом Бухорий халқаро маркази ходимлари Булғор ислом академияси талабаларига дарс беради
Кеча Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Татаристон Республикасининг Булғор ислом академияси олимлари ўртасида онлайн мулоқот ўтказилди.
Марказ матбуот хизматининг хабарига кўра, суҳбат чоғида Ўзбекистондаги талаба-ёшларни Булғор ислом академиясининг магистратура ва докторантура босқичига жалб қилиш, илмий ходимлар ва талабаларнинг икки томонлама малака оширишини йўлга қўйиш, илмий-тадқиқот ишларини ҳамкорликда амалга ошириш масалалари муҳокама этилди. Шунингдек, марказ профессорлари, фан докторларини Булғор ислом академияси илмий кенгаши таркибига киритиш ҳамда докторант ва магистрантларга илмий раҳбарликка тайинлаш, Мовароуннаҳр алломаларининг ҳаёти ва илмий меросига доир онлайн семинар ва конференциялар ташкил қилиш, томонлар илмий журналларида мақолалар алмашиш бўйича ҳам келишувларга эришилди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан 2021 йилдан эътиборан таъсис этилиши режалаштирилаётган Имом Бухорий халқаро стипендиясига академия тадқиқотчиларини жалб қилиш ва марказ илмий ходимларининг академия талабаларига маҳорат дарслари ўтиши ва маърузалар ўқиши юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг 29 августида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Татаристон Республикасининг Булғор ислом академияси ўртасида ҳамкорликка оид англашув меморандуми имзоланган.