Имтиёз ва масъулият чегараси

Жамиятда ҳамма нарса бир-бирига узвий боғлиқ. Ана шу узвийлик бузилса, мувозанат йўқолади. Қайсидир соҳада мувозанат йўқолса муаммолар кетма-кет келиб чиқаверади.
Мисол учун, электр энергияси ишлаб чиқариш ва етказиб беришнинг ўз сарф-харажатлари бор. Истеъмолчи сарфлаган электр энергияси учун ўз вақтида тўлов қилиши керак. Агар у тўловни амалга оширмаса, етказиб берувчида молиявий муаммолар пайдо бўлади ва ишлаб чиқаришга таъсир қилади. Натижада, электр энергияси етказиб беришда узилишлар бўлади. Демакки, ўз навбатида истеъмолчининг иш фаолиятига салбий таъсир қилади ва у зарар кўради.
Ана шу узвийликни сақлаш етказиб берувчи учун ҳам, истеъмолчи учун ҳам, пировардида жамият учун ҳам жуда муҳим масала. Шунинг учун бу масала доимо ҳукуматимиз диққат-эътиборида.
Кейинги йилларда мамлакатимизда энергия ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланишга, иқтисодиётни жадал ривожлантириш учун зарур бўлган энергиянинг ҳосил қилиниши ва сарфланишини барқарорлаштиришга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бироқ, энергия ресурслари истеъмолчилари томонидан тўлов интизоми даражасининг пастлиги иссиқлик ва электр энергиясини етказиб берувчиларнинг молиявий кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Шу муносабат билан иссиқлик ва электр энергиясини етказиб берувчилар томонидан истеъмолчиларга энергия ресурслари барқарор етказиб берилишини ҳамда сифатли хизматлар кўрсатилишини таъминлаш учун етказиб берилган энергия учун тўлов бўйича қарзларни ўз вақтида ундириш зарурияти юзага келмоқда.
2025 йил 20 февралда «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида қонуни қабул қилинди. Ушбу қонун билан бундан буён иссиқлик ва электр энергиясини етказиб бериш юзасидан хизматлар учун тўловлар бўйича қарзларни ундириш тўғрисидаги даъволар, аризалар ва шикоятлар билан фуқаролик ишлари бўйича ва иқтисодий судларга мурожаат қилинганда етказиб берувчилар давлат божини тўлашдан озод этилди.
Бироқ, судда уларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда давлат божи даъвогардан ундирилиши белгиланди. Иссиқлик ва электр энергиясини етказиб берувчиларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, давлат божи улардан талабнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда ундирилади.
Демак, қонун етказиб берувчиларга имтиёз берган ҳолда уларнинг масъулиятини ҳам оширмоқда. Яъни, қарздор истеъмолчидан тўловни ундириш даъво қилинганда давлат божидан озод бўлади. Шу билан бирга, интизомли истеъмолчиларни безовта қилиб нотўғри ёки асосланмаган даъво қилса давлат божини ўзи талаб қилган миқдорга мутаносиб равишда тўлайдиган бўлди.
Мазкур қонун истеъмолчилар томонидан қарзларнинг ўз вақтида тўланишини таъминлашга, аҳолининг сифатли иссиқлик ва электр энергиясини етказиб бериш бўйича хизматлар билан таъминланганлик даражасини оширишга хизмат қилади.
Камолиддин Тўхтаев,
Самарқанд шаҳар иқтисодий суди раиси.