Индонезия Ислом университетида амалиёт талабалар учун янги уфқларни очди

Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети талабалари ёзги мактаб дастури доирасида Индонезия Ислом университетида (UII) амалиёт ўтаб, ўз билим ва кўникмаларини бойитиб бормоқда.
Бу амалиёт нафақат ўқув жараёнининг бир қисми, балки халқаро ҳамкорлик, илмий изланиш ва маданий тажриба алмашинуви учун ҳам муҳим майдон бўлиб хизмат қилмоқда.
UII кампуси Индонезия архитектура мактабининг ёрқин намунаси ҳисобланади. Университет бинолари тропик иқлим шароитларига мослаштирилган бўлиб, кенг айвонлар, очиқ галереялар ва табиий шамоллатиш тизимлари орқали қулайлик яратилган. Шу билан бирга, кампус ҳудудида миллий индонез услубларини эслатиб турувчи декоратив элементлар, замонавий қурилиш технологиялари билан уйғунлашган. Бу уйғунлик ўзида миллий қадриятлар ва инновацион ечимларни жамлаган ҳолда талабалар учун бой ўқув базасини тақдим этади.
Талабалар амалиёт жараёнида бу иншоотларнинг функционал ечимларини ўрганиб, маҳаллий меъморий анъаналар билан яқиндан танишмоқда. Айниқса, улар экологик барқарорлик тамойилларига асосланган лойиҳалар, табиий ёруғлик ва ҳаво оқимини ҳисобга олган режалаштириш услубларидан катта таассурот олишди. Бу тажриба ўз навбатида талабаларнинг келгусида яратадиган лойиҳаларида ҳам экологик ёндашув, ҳам миллий анъаналарни ҳисобга олиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Индонезияда архитектура нафақат бино қурилиши, балки табиат ва жамият билан уйғунликда ривожланиши лозим бўлган бир жараён сифатида талқин этилади. Талабалар амалиёт давомида шуни ҳис қилиб, ўзлари учун янги дунёқарашни шакллантирмоқда. Уларнинг таъкидлашича, бу жараён назарий билимларни бойитибгина қолмай, балки шахсий ижодий қобилиятларни ҳам кенгайтирмоқда.
Амалиёт давомида талабалар турли лойиҳаларда иштирок этиб, индонезиялик ҳамкасблари билан фикр алмашмоқда. Бу эса икки давлат талабалари ўртасида дўстона алоқаларни мустаҳкамлаб, келгусида қўшма лойиҳалар яратиш имкониятларини очиб бермоқда.
Аброр НИЯТОВ,
Самарқанд давлат архитектура-қурилиш
университети талабаси.