Тарихий шахсларимиз сиймоси эътиборсиз қолмаслиги керак
Яқинда Тойлоқ тумани Бахшитепа маҳалласида Беҳбудий боғи очилди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий мазкур қишлоқда туғилган бўлиб, унинг номини абадийлаштириш, миллат фидойиси сифатида амалга оширган ишларини келажак авлодга етказиш мақсадида ушбу хайрли ишга қўл урилди. Боғда Беҳбудийнинг бюсти ўрнатилди, шунингдек, кутубхона ва уй-музейи ташкил этилди.
Беҳбудийнинг бюстини нарпайлик ҳайкалтарош Умурзоқ Шарипов ясади. Ҳайкалтарош болалигидан ушбу санъат турига қизиқади. У нафақат ҳайкалтарошлик санъатига ошуфта, балки ушбу касб ортидан қанчадан-қанча санъат асарлари яратиб келмоқда.
- Бобомнинг боболари уста кулол бўлган экан, шунинг учун бу касб менга боболаримдан ўтган, десам ҳам бўлади, - дейди Умурзоқ Шарипов.
Бугун етмиш ёшни қаршилаган ҳайкалтарош умрининг бесамар ўтмагани билан фахрлана олади. У ясаган ҳайкаллар республикамизнинг деярли барча ҳудудларида қад ростлаб турибди. Масалан, Самарқандга кираверишда Чўпонота массивида ўрнатилган туялар карвони мажмуаси Умурзоқ аканинг ижод намунаси. Шунингдек, Нарпай тумани хотира майдонига ўрнатилган Мотамсаро она ҳайкали, Оқтош шаҳридаги Алишер Навоий бюсти, Абдулла Ориповнинг Қашқадарёдаги уй-музейидаги ҳайкали, Сурхондарёнинг Термиз шаҳридаги вилоят онкология диспенсеридаги Ибн Сино ҳайкали, юртимизда камол топган забардаст бахшиларимизнинг портрети, Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги 100-сонли ихтисослаштирилган мактаб интернатидаги Биринчи Президентимиз И.Каримовнинг бюсти Умурзоқ Шариповнинг меҳнатлари меваси. Уларнинг аксарияти совға тариқасида тортиқ этилган.
- Инсон бамисоли мевали дарахт бўлиши керак, - дейди ҳайкалтарош. - Бугун олтмишдан ортиқ шогирдларим бор, улар билан фахрланаман. Айниқса, иккинчи ўғлим Ҳожиакбар Шарипов ҳайкалтарошлик ҳунарини танлагани менга янада мадад бўлмоқда. Беҳбудийнинг бюстини ясашда ўғлим ва унинг шогирди Маъруф Пардаев катта ёрдам берди. Тўғрироғи, асосий меҳнатни улар қилди, десам ҳам бўлади. Ўғлимнинг ўғли, яъни набирам ҳам ҳайкалтарош бўлмоқчи.
Ҳайкалтарошлик касби ортидан рўзғор тебратаётган Умурзоқ ака нафақа ёшида ҳам ҳаракатдан тўхтагани йўқ. У шу пайтгача Чирчиқда яшаб ижод қилган бўлса, бугун Нарпай туманида истиқомат қилмоқда.
- Нафақа гаштини туғилиб ўсган қишлоғимда ўташни ният қилдим, - дейди У.Шарипов. – Шунинг учун она қишлоғимга қайтиб келдим. Бу ерда ҳам ижод қилишим учун устахона қурганман. Ижодсиз ҳаётимни тасаввур қилолмайман. Битта ҳайкал ёки бюстни ясаш учун инсондан мустаҳкам сабр-тоқат талаб этилади. Бронза ва мисдан ясалган ҳайкаллар таъмир талаб этилмайди ва узоқ муддат сақланади. Бу, албатта, каттагина маблағ талаб этилади. Беҳбудий бюстини ҳозир чиққан полистрол номли материалдан ясадим. Агар бюст бетон ёки гипсдан ясалган бўлса, ҳар олти ойда таъмир талаб бўлади.
Дарҳақиқат, тарихий шахсларнинг ҳайкал ва бюстларини ясаш, уларни маълум жойга ўрнатиш ишлари осонлик билан кечмайди. Биз бу ҳақда тўхталмоқчи эмасмиз. Демоқчи бўлганимиз, ўша ҳайкал ёки бюстлар ўрнатилганидан кейин гўёки одамлар назаридан четда қолади. Аслида келажак авлодга эслатиб туриш мақсадида тарихий шахсларнинг ҳайкал ва бюстлари ясалади. Ҳар бир мутафаккир, адиб ёки шоирнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган мушоира кечалари уларнинг сиймосини эслатиб турувчи санъат асарлари олдида ўтказилса, болалар онгида буюк боболаримизга нисбатан меҳр-муҳаббат уйғонади. Ишонамизки, тойлоқликлар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган байрам тадбирларини унинг номидаги боғда ўтказади. Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий, Рудакий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек каби тарихда ўчмас из қолдирган ота-боболаримизнинг ҳайкаллари ҳам эътибордан четда қолмайди, деган умиддамиз.
Агар ёшларимизни миллий анъаналаримизга меҳр-муҳаббат руҳида тарбияласак, ижтимоий тармоқларда баъзи ўсмирларнинг тарихий шахсларимизнинг ҳайкаллари олдида беҳурматлик қилгани акс этган видео лавҳалар тарқалмасди. Бунинг учун болаларни мактаб ёшидан Умурзоқ ака Шарипов сингари ҳайкалтарошларнинг устахонасига саёҳатга олиб бориш, уларнинг машаққатли меҳнати билан таништириш керак. Шунда ёшларимиз тарихимиз, миллий урф-одат ва анъаналаримизнинг қадрига етарди.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.