Инженер Гариннинг даҳшатли ихтироси
Совет адабиётининг энг яхши фантастик романи - Алексей Толстойнинг “Инженер Гариннинг гиперболоиди!” асарини ўқиганлар яхши билади, роман қаҳрамони инженер Гарин ақлбовар қилмас қувватга эга қурол устида ишлайди. Унинг ихтиро қилган қуроли ҳозирда лазер деб аталади. Лекин ҳозирда яратилган лазер қуроллари ҳақида 1920 йилларгача гап ҳам бўлмаган.
Асарда инженер Гарин яратган нур душман жанговар техникасини ёғдек кесади, мумдек эритиб юборади. Роман фантастик асар, ундан кейин 1920 йилларда у олимларга шунга ўхшаш қурол яратишнинг назарий жиҳатлари ҳақида жиддий бош қотиришга турки беради.
…Ҳаммаси тасодифан бошланди. Ёзувчи 1924 йилда Царское Селода дам оларди. Физика ва математика ўқитувчиси Апполон Аркадьевич Кимлянский билан танишиб қолади. Қизиғи шундаки, асар қаҳрамони инженер Пётр Гарин сингари Цимлянский ҳам жиддий олим эди. У занжирли реакциянинг математик моделини яратишда европалик ҳамкасбларидан анча ўзиб кетганди. Бироқ СССРда у ўзининг ғоя ва назарияларини қўллаб-қувватловчи топмади. Асар қаҳрамонининг реал ҳаётдаги бу прототипи билан ҳам ҳайратомуз саргузаштлар рўй берди.
Цимлянский Европага илмий сафарга жўнат кетди. Немис концерни - «Крупа»нинг ишда қолиш таклифини қабул қилди. Бу ерда у ўз ғояларини рўёбга чиқариш учун барча имкониятга эга бўлди. 1932 йилда келажак космик дастури муаллифи Вернер фон Брауннинг маслаҳатчиси қилиб тайинланди. У Учинчи Рейхнинг энг махфий ҳарбий лойиҳаларида ҳам бемалол иштирок этиши мумкин эди. Германияда собиқ совет олими баллистик ракеталарда космосга чиқариладиган реактив самолётлар лойиҳасини яратишга раҳбарлик қилди. Шунингдек, Ойга экспедиция лойиҳаси устида олиб борилаётган ишларни бошқарди.
Турган гап, бу СССР махсус хизмат маҳкамаларини ғазабини қўзғади. Душманга хизмат қилаётган олим 1938 йилда СССР элчихонасига чақирилди. Ундан ватанга қайтиш қаттиқ талаб қилинди. Аммо ўзининг Ғарбдаги ҳаётидан кўнгли тўқ Цимлянский талабни рад этди. Бу билан у ўз ўлимига ҳукм ўқиган эди. Эртаси куни Потсдамдаги хонадонида уни овқатдан заҳарланиб ўлган ҳолда топишди.
Аммо узоқ масофага вайрон қилувчи кучли нур энерияни етказиш қурилмаси устида ишлар тўхтамади. Бу лойиҳани уйдаги лабораториясида Михаил Филиппов давом эттирди. Унинг таъкидлашича, бу қурилма орқали йўналтирилган энергия билан Москвадан туриб Константинополни кулини кўкка совуриш мумкин экан. Душман айғоқчилари даҳшатли қурол ҳақида хабар топиб, уни рус ҳарбийлари қўлида бўлишнинг олдини олиш чораларини кўрдилар. Филипповни ўлдиришди. Унинг чизмалари ҳам ғойиб бўлди.
Тоғаймурод Шомуродов тайёрлади.