Инклюзив таълимни қандай ривожлантирамиз?

Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси ва унинг вилоят ҳудудий бўлими ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда инклюзив таълимни ривожлантириш масалаларига бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вилоят бўлими ҳамда ногиронлик масалалари билан шуғулланувчи ННТлар вакиллари иштирок этган тадбирда Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек Исоқов давлатимиз томонидан имконияти чекланган шахсларга яратилаётган шароитлар, айниқса, ногирон болаларнинг бошқа болалар қатори тенг таълим-тарбия олишлари, бунинг учун таълим жараёнида инклюзив таълимни жорий этиш лозимлигини таъкидлади.

- Инклюзив таълим барча ўқувчиларни қамраб олади, - дейди Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлими раиси Лочин Эрназаров. - Агарда махсус таълимда фақат ногиронлиги бор болаларнинг ўзлари таълим олсалар, инклюзив таълимда барча болалар таълим жараёнида тенг иштирок этади. Шу мақсадда мамлакатимиз таълим тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир. Ўқув муассасаларида тўсиқсиз муҳитни яратиш стандартларини ишлаб чиқиш керак ва уни ривожлантиришга қаратилган ва ногиронлиги бор шахсларни позитив образини шакллантиришга ёрдам берувчи турли ахборот компанияларини ўтказиш лозим. Энг муҳими, мактабларимизда тютор, ресурс-педагог каби штатларни киритиш муҳим аҳамиятга эга.

Дилмурод Тўхтаев.

***

Ушбу мақола халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.