Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси 500 фуқарога бепул ваучерлар топширди

Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси Самарқанд ҳудудий бўлинмаси томонидан вилоят аҳолиси орасидан 500 нафар фуқарога Ўзбекистон-Швейцария ҳамкорлигида ташкил этилган "SWISS LAB" лабораториясида скрининг текширувидан ўтишлари учун йўлланма (ваучер) тақдим этилди.

Ижтимоий ёрдамга муҳтож, "Темир дафтар", "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари"га киритилган аҳолига ваучерлар берилди ва уларни бепул пойтахтга олиб бориб, текширувдан ўтказилди. Хусусан, ушбу ваучерлар орқали фуқаролар кардиологик, урологик ва терапевтик йўналишлар бўйича тиббий текширувлардан ўтиш имкониятига эга бўлади. Ваучерларнинг ҳар бири 700 минг сўм бўлгани ҳолда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига миллий палата томонидан бу ваучерлар бепул тақдим этилмоқда.

Шунингдек, миллий палата «SWISSLAB» билан ҳамкорликда аҳоли скрининги бўйича лойиҳани йўлга қўйиш мақсадида 6 минг киши учун лаборатория таҳлили ўтказишни ташкил этди.

Қўшма лойиҳа, энг аввало, юқори сифатли скрининг ўтказишни мақсад қилган. Чунки мазкур компаниянинг лаборатория таҳлиллари Европа сифати стандартларига мос келади. Ва бу зарур сертификат билан тасдиқланган. Бу, ўз ўрнида, беморларни ташхислаш даражасини кўтариш, ташхис қўйишда хатолар сонини камайтириш, тиббий статистикани яхшилаш ва одамларнинг мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимига бўлган ишончининг ортишига олиб келади.