Инсофли солиқ тўловчи ким?
Бу ҳужжатларда биринчи бора "инсофли солиқ тўловчи" атамаси ишлатилган. Кимлар инсофли солиқ тўловчи бўлади? Солиқ соҳасига киритилган шу каби янгиликлар тўғрисида маълумот олиш учун вилоят давлат солиқ бошқармаси масъул ходими Файзулла АҲмедовга мурожаат қилдик.
– Солиқ кодекси ривожланган мамлакатларнинг иш тажрибаларида синалган солиқ мониторинги боби билан тўлдирилди, – дейди Ф.Аҳмедов. – Солиқ мониторинги бу – солиқ назоратининг инсофли солиқ тўловчиларига солиқ солишнинг жорий масалаларини ҳал қилишда ҳар томонлама кўмаклашган ҳолда, давлат солиқ хизмати органлари ва улар ўртасида кенгайтирилган ахборот алмашинувини назарда тутувчи шакл.
Инсофли солиқ тўловчилар сирасига охирги икки йил ичида солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ва тўлиқ бажариб келган солиқ тўловчилар киради.
– Юридик шахснинг алоҳида бўлинмаси нима?
– Юридик шахснинг айрим функцияларини бажарувчи, жойлашган жойи бўйича камида бир ойдан ортиққа ташкил этилган турғун иш ўринлари бўлса, бу юридик шахснинг алоҳида бўлинмаси дейилади. Бундай бўлинмалар жойлашган жойи бўйича юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи ва ягона солиқ тўловини тўлайдилар.
– Солиқ таътили нима ва у кимларга нисбатан қўлланилади, қанча муддатга?
– Солиқ таътиллари вақтинчалик молиявий қийинчиликка учраган инсофли солиқ тўловчиларга бу тўғрисидаги қарор қабул қилинган санадан бошлаб, йигирма тўрт ойгача берилади. Охирги икки йилда солиқ мажбуриятларини бажарган субъектлар инсофли солиқ тўловчилар ҳисобланади. Уларга солиқ таътилларини қўллаш бўйича Солиқ кодексига ҳам тегишлича ўзгартишлар киритилди. Натижада, уларга солиқ мажбуриятларини бажариш муддатларини ўзгартириш ҳисобидан солиқ таътиллари берилади ва тўланиши лозим бўлган солиқ тўловларини маълум бир муддат давомида камайтириш ва кейинчалик тўлаш имконияти тақдим этилади. Яъни, уларга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашни кечиктириши ёки бўлиб-бўлиб тўлашлари, солиқ қарзини бирйўла ёки босқичма-босқич тўлаган ҳолда тўлашни кейинроққа кўчириш имкони берилади.
– Солиқ мониторинги кимлар учун кўзда тутилган ва қандай ўтказилади?
– Солиқ мониторинги солиқ назорати шаклларидан бири ҳисобланади. У давлат солиқ хизмати органлари ва инсофли солиқ тўловчилар ўртасида кенгайтирилган ахборот алмашинувини кўзда тутади. Солиқ тўловчиларда бундай мониторинг ўтказиш ихтиёрийдир. Мониторинг ўтказилишига рози бўлган тўловчида солиқ мониторинги билан қамраб олинган даврда камерал назорат ва молия-хўжалик фаолиятини текшириш ҳам ўтказилмайди (бунда мониторинг ўтказишдан олдин тугатилган ҳоллар мустасно).
Бу каби янги давлат хизматидан ҳамма ҳам бирдек фойдалана олмайди. Бунинг учун ўтган йил якунларига кўра, товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилиш 1 январгача энг кам иш ҳақининг 70 минг баробари (ҳозирда 12 миллиард 56 миллион 800 минг сўм)дан ортиқ бўлиши керак. Шунда тўловчи кейинги йилда мониторингда иштирок этиш учун йилнинг 1 июлидан кечиктирмасдан солиқ идорасига ёзма ва электрон шаклда ариза беради. Солиқ идораси ариза шаклини тасдиқлайди ва бир ой ичида рад этади ёки қаноатлантиради.
Солиқ мониторинги 1 январдан 31 декабргача бўлган муддатни қамраб олади. Лекин солиқ тўловчи томонидан керакли ахборотлар муддатида тақдим этилмаса, мониторинг ўтказилаётган даврда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар вақтида тўланмаса ёки нотўғри ахборот тақдим этилганда ва шунга ўхшаш бир қатор сабабларга кўра, солиқ мониторинги ўтказиш муддатидан олдин тўхтатилиши мумкин.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ
ёзиб олди.