Инсон бойлик учун эмас, бойлик инсон учун яратилган
Ер юзида ҳаёт пайдо бўлгандан буён инсон билан моддий бойлик ўртасидаги муносабат турлича талқин этилади. Чунончи, биров бутун умрини мол-дунё тўплашга сарфлайди, бошқаси ҳаёти мазмунини одамгарчиликда, ўзгаларга яхшилик қилишда деб билади. Донолар эса инсон бойлик учун эмас, балки бойлик инсон учун яратилганлигини мудом таъкидлашади.
Бир камбағал донишманддан сўрабди:
- Сиз шунчалик қашшоқ бўлишингизга қарамай, доимо хушчақчақсиз. Ҳаётингиздан бирор марта нолиганингизни эшитмадик. Бунинг боиси нимада?
- Мен орзу-ҳавасларимга эрк бермайман, - деди донишманд. – Бир бурда нон топсам ҳам ўзимдек қашшоқ дўстларим билан баҳам кўраман. Мадомики, шу нонни бир ўзим есам, демак, нафсим ҳакалак отяпти деяверинг. Нафсимни тийганим боис эъзоздаман. Шунинг ўзи бойлик, бахт менга. Минг афсуски, айримларнинг нафси ўпқон. Улар туну-кун мол-дунё тўплаш илинжида яшаб, умрининг беҳаловат ўтиб кетганини сезмай қолишади.
Айрим пайтда инсон эҳтиёжининг чегараси йўқ: юз сўмни минг сўм, минг сўмни миллион қилишни ўйлайди. Бу гўё шўр сув билан чанқоқни қондиришга интилгандек гап. Яъни, ичганинг сари чанқоғинг босилмайди. Доим сувга ташнадек бўлаверади киши.
Бугунги синовли даврда ҳам айрим “уддабурон” тадбиркорларимиз нафсини, бойлик орттиришни биринчи ўринга қўйиб, яхшилик, эзгулик фазилатларини унутмоқда. Бир-биримизни қўллашимиз лозим бўлган бир даврда ўз эҳтиёжларини устун қўймоқда.
Афсуски, икки–уч қаватли серҳашам кошоналар қуриб, ўзининг кимлигини кўз-кўз қилаётган, 10-синфда ўқийдиган неварасининг туғилган кунида автомобиль совға қилаётган “бой бобо”лар бор орамизда. Аммо уларда ҳаловат бормикан? Эҳтиёж, яъни нафс қанчалик кучли бўлса, у одамни шунчалик ташвишга қўйдики, эгасини не куйларга солмади? Бунга ён атрофимиздан кўплаб мисол келтиришимиз мумкин.
Инсоннинг бу дунёга келишдан асл мақсади эзгуликда яшашдир. Демак, меҳр-оқибат, саховат, поклик, бағрикенглик, қаноат, яратувчанлик, ҳалол меҳнат инсон умрининг безаги. Келинг, бугунги синовли дамларда умримизни эзгу фазилатлар билан безаб яшайлик. Зеро, бойлик мол-дунёнинг кўплиги билан эмас, балки нафснинг тўқлиги билан белгиланади.
Абдуазиз ҲОШИМОВ.