"Инсон" ижтимоий хизмат марказлари: Ходимлар ҳимояга муҳтож кишиларга қандай кўмак беряпти?

У I гуруҳ ногирони. Шундай бўлса-да, икки қизини ёлғиз улғайтириб, турмушга узатди. Аммо кексайиб, энди меҳнатининг мевасини ейман деб турганида кулфат юз берди.

Икки қизининг ўртасида жанжал чиқди ва жанжалдаги эҳтиётсизлик сабаб бири оламдан ўтиб қолди. Бунга сабабчи бўлган эса қамоққа кетди. Бир кунда икки боласидан айрилган онанинг касали янада зўрайди, у тушкунликка тушиб, уйидан чиқмай қўйди.

— Онахоннинг хонадонига кириб борганимизда, у ўта аянчли ҳолатда эди, - дейди Каттақўрғон шаҳрида фаолият юритаётган ижтимоий ходим Сирожиддин Шаропов. – У мустақил ҳаракатланишга қийналиши сабабли уй антисанитар ҳолатга келган, қолаверса, ўзи ҳам бир йил давомида кўчага чиқмай, жамиятдан узилиб қолган эди. Биз уни дарҳол тиббий кўрикка олиб бориб, уйини тартибга келтирдик. Унга маиший хизмат кўрсатиш ва саломатлигини назорат қилиш учун ассистент ажратилди. Ногиронлик бўйича нафақа, уй-жой, коммунал тўлов ва бошқа ҳужжат билан боғлиқ ишлари тартибга келтирилди.

Сирожиддин Шаропов Каттақўрғон шаҳрининг Амир Темур ва Ватанпарвар маҳаллаларида ижтимоий хизматни олиб боради. Ҳудудда 2300 тага яқин оилада 7200 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. У ҳар бир хонадондаги вазиятни ўрганиб чиқиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож 12 тоифа инсонларнинг рўйхатини шакллантирган. Иш кунининг асосий қисми шу рўйхатдаги кишиларнинг уйига бориб, ҳолатини ўрганиш, зарур бўлса, тегишли ёрдамни кўрсатиш билан ўтади.

— Ишимизнинг энг қийин жиҳати мураккаб вазиятларга психологик тайёр туриш, - дейди суҳбатдошимиз. – Сабаби, биз ҳар куни турли хонадонларга кирамиз, турли одамлар билан мулоқот қиламиз. Тажовузкор инсонлар, низоли оилалар бўлади, ўз ҳолига ташлаб қўйилган бемору кексаларни кўрамиз. Бу вазиятда ҳиссиётларга берилиш ярамайди. Мақсадимизга эришиш учун профессионал бўлишимиз, баъзида ноўрин муносабатларга ҳам чидашимиз керак. Мукофот ишимизнинг якунида бўлади, ўша сизга ишонмаган, азобларининг аламини сиздан олмоқчи бўлган инсонлар охирида раҳмат айтиб, дуо қилишади. Касбимнинг шу жиҳатини жуда яхши кўраман. Бу ерда ҳақиқий муҳтожларга ёрдамимиз тегаётганидан хурсандман.

Ижтимоий ходим ўтказган хатловда ҳудудда 6 нафар ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар аниқланган. Ўтган даврда улардан бир нафарининг қариндошлари билан алоқаси тикланиб, рўйхатдан чиқарилган. Хусусан, юқорида ҳаёти тилга олинган онахоннинг ҳам икки қизидан қолган икки невараси билан алоқа тикланган. Улар онасига ғамхўрлик қила олишмаса-да, уни йўқлаб туришибди.

Маълумотга кўра, вилоятимизда 484 нафар ижтимоий ходим фаолият юритмоқда. Улар жойларда аҳолининг муаммоларини ўрганиб, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган шахслар, оилаларга уни енгиб ўтиш ҳамда жамиятга қайтиб, ўзлари учун яратилган имкониятлардан тўлиқ фойдаланишини таъминлашга қаратилган иш ва хизматларни кўрсатишади.

— «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар сони тез орада 114 тага етказилиши режалаштирилган, - дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси шуъба бош мутахассиси Алишер Суюнов. – Айни кунда 49 та хизматнинг 23 таси бевосита жойига чиққан ҳолда кўрсатилмоқда. Айни жараённи самарали ташкил этиш мақсадида ходимларнинг малакасини тизимли ошириб бориш йўлга қўйилган. Улар доимий равишда турли семинар ва тренингларда иштирок этиб, инсонлар билан мулоқот қилиш, психологик кўмак бериш сингари зарур кўникмаларни мустаҳкамлаб бормоқда.

Таъкидланишича, шу кунларда вилоятимизда реабилитация қилишнинг техник воситалари ва протез-ортопедия воситаларини олиш хизматига талаб ортган. Бу ногиронлиги бор фуқароларни жамиятга қайтариш йўлидаги биринчи қадам ҳисобланади. Улар тегишли техник воситалардан фойдаланган ҳолда спорт билан шуғулланиши, ишлаши, умуман, ҳаёт сифатини яхшилаши мумкин. Ижтимоий ходимлар эса бу жараёнда уларнинг яқин кўмакчиси бўлмоқда.

Асқар Баротов.