Инсон умрида 35 тонна сув ичади(ми?)
Ҳа, олимлар одам умри давомида тахминан 35 тонна сув ичишини исботлаган. Чунки инсон овқатсиз 30 кунгача яшай олса, сувсиз 5 кунга чидолмайди. Бироқ биз ҳамон сув қадрига етмаяпмиз, табиий сув захираларини ифлослантиришдан тўхтамаяпмиз.
Дунёнинг кўплаб шаҳарларида маиший эҳтиёжлар учун ўртача кунлик сув сарфи аҳоли жон бошига 300 литрдан тўғри келса, вилоятимизда бу миқдор 750-800 литрни ташкил этади. Дунёда сувнинг энг қиммат нархи АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида белгиланган. У ерда сувнинг 1 литри учун 90 доллар маблағ тўланади ва сув кристаллар билан безатилган махсус идишларда қадоқланади.
Мутахассисларнинг кузатишларича, ер ости ва ер усти очиқ сувларининг ифлосланиш даражаси ортмоқда. Табиий сувларнинг ифлосланишининг олдини олиш ҳозирдан муҳим муаммога айланмоқда.
Афсуски, кейинги йилларда истеъмол учун яроқли ер ости ва ер усти очиқ сувларнинг ифлосланиш даражаси кескин ошиши турли касалликлар тарқалишига сабаб бўлмоқда. Демак, сув ифлосланишининг олдини олиш кечиктириб бўлмайдиган долзарб масала.
Оби ҳаёт манбаларининг ифлосланишида бош омил албатта инсон ҳисобланади. Бунга кимёвий воситалардан нотўғри фойдаланиш, минерал ўғитларнинг меъёрдан ортиқ ерга солиниши ҳамда саноат, қишлоқ хўжалиги, уй-рўзғор, коммунал чиқиндиларининг ҳавзаларга ташланиши, тоза ичимлик сувининг истеъмолдан бошқа мақсадларда ишлатилиши сабаб бўлмоқда. Статистик маълумотларга кўра, ер юзида шаҳарларда 25 фоиз ва қишлоқ аҳолисининг 75 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланган, холос.
Республикамизда ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш бўйича бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатлари ишлаб чиқилган. Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ва унинг ҳудудий инспекциялари томонидан жойларда ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш бўйича мунтазам равишда тушунтириш, тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, вилоятимиз ҳудудидан оқиб ўтувчи узунлиги 531,7 километр бўлган Зарафшон дарёси суви мусаффолигини таъминлаш ҳамда муҳофаза зонасини сақлаш чоралари кўрилмоқда. Бироқ, Зарафшон табиий флорасига билиб-билмай зиён етказиш ҳолатлари учрамоқда. Ҳозирги вақтда Зарафшон дарёси юқори қисми тоғ ҳудудларида ўсимлик қатлами майда ва йирик шохли моллар боқилиши, дарахт ва буталарнинг кесилиши натижасида сийраклашиб қолган. Бу ўз навбатида сел оқоваларнинг кучайиши ва дарёнинг ифлосланишига олиб келмоқда. Тўғри, ўз вақтида қоидабузарлар аниқланиб, жаримага тортиляпти, лекин экологияга етказилган ҳар қандай зарарни молиявий жиҳатдан қоплаб бўлмайди.
Бахтиёр Муҳаммедов,
вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бўлим бошлиғи.