“Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида жаҳон туризм ташкилотининг академияси очилади
“Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети 2023-2024 ўқув йилида бакалавриатнинг кундузги таълим йўналишига 240 нафар, шундан 82 та давлат гранти ва 158 та тўлов-контракт асосида талабларни ўқишга қабул қилади.
Шунингдек, сиртқи таълим шаклига 550 та, магистратурага 105 та квота ажратилган. Бундан ташқари, камида 5 йиллик стажга эга хотин-қизларга 5 та ўрин, ногиронлиги бўлган шахслар учун 16 та, меҳрибонлик уйи, етим болалар учун 8 та, ҳарбий қисм қўмондони тавсияномаси асосида 12 та қўшимча ўрин ажратилган. Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида бўлиб ўтган матбуот анжуманида университет масъул вакиллари томонидан маълум қилинди.
- Университетимизда барча дарслар инглиз тилида олиб борилади, - деди университет масъул котиби Жамшид Холбоев. – Шунинг учун ўқиш истагида ҳужжат топширмоқчи бўлган абитуриентлар халқаро чет тилини билиш даражасининг B-II ёки IELTS сертификатининг камида 5,5 баллини қўлга киритган бўлишлари керак. Университетга бир йилда икки марта талабалар ўқишга қабул қилинади. Техникумни битирган талабалар суҳбат асосида иккинчи курсдан қабул қилинади. Шунингдек, хорижлик абитуриентлар ҳам суҳбат асосида университет талабаси бўлиши мумкин. Бугунги кунда 60 нафардан ортиқ чет эллик талабалар бизда таҳсил оляпти.
- Олий таълим муассаса қошида жаҳон туризм ташкилотининг академияси очилади, - деди университет бўлим бошлиғи Сардор Самариддинов. - Айни пайтда шаҳардаги эски "Саноатқурилиш банки" биноси ўрнида қурилиш жараёнлари кетяпти. Октябрь ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Бундай академия кам сонли давлатларда мавжуд. Масалан, академияда ўқиган талабалар ҳар йили бир давлатда таҳсил олади, кейинги йили бошқа давлатда таҳсилни давом эттиради.
Матбуот анжуманида соҳа мутахассислари айни пайтда университет талабалари учун давлат хусусий-шериклик асосида талабалар турар жойи қурилаётгани, ўқув биноси замонавий шарт-шароитларга эгалиги ва хорижлик профессор-ўқитувчилар фаолияти ҳақида журналистларга батафсил маълумот берди.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.