Иқтидорли қизлар

Танловнинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Ғафурова қизларни табриклаб, юртимизда иқтидорли қизларни қўллаб-қувватлаш борасида яратилган шарт-шароитлар, бунинг натижасида халқаро танловларда ғолибликни қўлга киритаётганлар сони йилдан-йилга кўпаяётганлигини  таъкидлади. 

– Жорий йил Зулфия номидаги Давлат мукофотига танловнинг шаҳар, туман босқичларида мингдан зиёд иқтидорли қизлар иштирок этди, – деди М.ўафурова. – Уларнинг барчаси ўз йўналишида катта ютуқларга эришиб келмоқда. Ўтган йил давомида қизларга ушбу нуфузли мукофот ҳақида маълумот бериш, унинг аҳамиятини тушунтириш учун жойларда учрашув, семинарлар бўлиб ўтди. Мукофот совриндорларининг анжумани ўтказилиб, унда спортда эришган муваффақиятлари учун Зулфия мукофотига сазовор бўлган саккиз нафар қизнинг ютуқлари тақдимоти ташкил этилди. 

Танловда таълим, фан, маданият, санъат, адабиёт йўналишлари бўйича қизлар ўзлари қатнашаётган соҳада эришган ютуқларини намойиш этиш билан бир қаторда юртимиздаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, ёшлар сиёсати, Зулфияхоним ҳаёти ва ижоди борасидаги билимларини ҳам намоён этди. 

– Халқаро конференциялардаги иккита илмий мақолам журналларда чоп этилган, – дейди Самарқанд давлат университетининг амалий математика ва информатика факультети талабаси Дилшода Ибрагимова. – Шунингдек, ўтган йиллар давомида Россияда бўлиб ўтган халқаро "Ёш математиклар" олимпиадасида 1-ўринни эгаллаганман. Математика олами, тенгламалар ва уларни турлича ечиш услублари менинг асосий қизиқишларимдир. Келгусида илмий фаолият билан шуғулланмоқчиман.

Танлов жараёни билан танишар эканмиз, бу йил қизлар орасида халқаро танлов, олимпиадаларда иштирок этганлар кўп эканини кузатдик. Мисол учун, СамДУ талабаси Садоқат Юсупова инглиз ва япон тилларида бемалол сўзлашиб, Япониянинг Осака университети гранти асосида "Ўзбек ва япон тилининг гениологик таснифи" мавзуида илмий изланишлар олиб бормоқда. Жомбой туманидан иштирок этаётган Мафтуна Самадбоеванинг эса Буюк Британия ва Россия илмий журналларида мақолалари нашр этилган.