"Очиқ мулоқот": Иштихон тумани ҳокими Шуҳрат Негматовга 50 савол
– Кўктепа маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Чиноқ қишлоғининг ички йўллари яроқсиз ҳолга келиб қолган. Катта йўлга чиқиб олиш ва қайтишда техника ҳам, ўзимиз ҳам “ит азобини“ еймиз. Жорий йилда шу йўлимиз асфальт қилинадими?
– Туманимизда 1336 километр ички йўлларнинг 723 километри таъмирталаб аҳволда. Ўтган йили ушбу йўлларнинг атиги 19 километрини таъмирладик, холос. Агар шу тарзда йилига 20 километр йўлни асфальт қилган тақдирда ҳам ички йўлларимизни 65 йилдан зиёд вақт мобайнида тўлиқ таъмирлаб бўлар эканмиз. Жорий йилда маҳаллий бюджет даромадларини ошириш ҳисобидан 50 километр ички йўлларни таъмирлашни режалаштирганмиз. Шу боис Чақар қишлоғидаги йўлларни баҳолиқудрат таъмирлаш чораларини кўрамиз.
Иштихон тумани ҳокими Шуҳрат Негматов билан ўтказилган вилоят телерадиокомпаниясининг навбатдаги “Очиқ мулоқот“ кўрсатувида туман мутасаддилари аҳоли билан ана шундай ошкора мулоқотда бўлди.
– 2018 йилда ўтказилган “Очиқ мулоқот“ дастурида туманимизнинг 26 нафар фуқаролари томонидан 28 та мурожаатлар билдирилганди, – деди туман раҳбари. – Шу баҳона халқимизнинг турмуш тарзида учраётган муаммолар, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари билан жиддий шуғулландик. Чунки бу мурожаатларни ўзимиздан ташқари, вилоят ҳокимлиги, туман жамоатчилиги назорат қилиб турди. Бунинг самарасида илк мулоқотимизда билдирилган масалалар тўлиқ ижобий ҳал этилди.
Бугун халқнинг дардини ҳар бир хонадонга кириб ўрганяпмиз. Аммо бизнинг эътиборимиздан четда қолаётган айрим жиҳатларни одамлар мана шу телемулоқотлар орқали баён этмоқда. Кўрсатув ёрдамида аҳолига янада яқинлашиб, тумандаги корхона ва ташкилотлар мутасаддиларини жалб этган ҳолда одамларнинг муаммоларига ечим топишга ҳаракат қиляпмиз.
Таъкидланишича, 2018 йил давомида туман аҳолисидан ҳокимликка 1300 дан зиёд мурожаат келиб тушган. Уларнинг тўрттасига рад жавоби берилган. Мингга яқин мурожаатга туманнинг ўзида ижобий ечим топилган. Қолган масалалар республика миқёсида ҳал этиладиган масала бўлгани боис тегишли ташкилот ва вазирликларга талабномалар киритилган.
– Газ баллонига эхтиёжимиз бор. Ариза берганимизга бир йил бўлди. Мутасаддилар фақат ваъда беришдан нарига ўтишмаяпти. Қишнинг совуқ кунларида ўчоқда овқат қилишга мажбур бўляпмиз. Муаммомизни ҳал этишда ёрдам беринг, – деб мурожаат қилди туманнинг Бўронхўжа маҳалласида истиқомат қилувчи Ҳамроз Давронов.
– Туманимиз аҳолиси учун 2018 йилга мўлжалланган 1950 та ўрнига 2200 дан зиёд суюлтирилган газ баллонлари тарқатдик, – деди туман газ таъминоти идораси раҳбари Улуғбек Шакаров. – Бу йил халқимизнинг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда ушбу рақамни яна икки баробарга оширишни режа қиляпмиз.
Мулоқот давомида йўлларни таъмирлаш, электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви таъминотини янада яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш бўйича аҳолининг 50 дан зиёд мурожаати тингланди, таклиф-мулоҳазалар билдирилди. Тўғридан-тўғри берилган саволларга студиянинг ўзида жавоб изланди. Кўтарилган масала ва таклифлар, ечимини кутаётган муаммолар юзасидан тегишли корхона ва ташкилотлар мутасаддиларига топшириқлар берилди.
Абдуғофур ШЕРХОЛОВ.