Иштихонда сингил йигити билан ишқий муносабатда бўлган опасини пичоқлаб ўлдирди
Самарқандда сингил ўз опасининг қотили бўлди. Унинг севгилиси ва опаси ўртасидаги ишқий муносабатдан хабардор бўлгани учун ушбу жиноятга қўл ургани айтилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати маълум қилди.
2019 йил 25 декабрь куни соат 15:00 ларда Иштихон тумани Дўстлик маҳалласидан оқиб ўтувчи “Сайноқ” каналидан А.Муҳаммадиеванинг мурдаси қотиллик аломатлари билан топилган.
Аниқланишича, 2019 йил 23 декабрь соат 21:30 ларда Иштихон тумани Дўстлик маҳалласида фуқаро Б.Муҳаммадиева (2001 йилда туғилган, судланмаган, ишсиз) опаси А.Муҳаммадиева (1998 йилда туғилган, судланмаган, ишсиз) билан спиртли ичимлик истеъмол қилган.
Сўнг севгилиги билан опаси ҳам ишқий муносабатда бўлиб юрганлигини билгани сабаб у билан ўзаро жанжаллашиб, жанжал давомида ошхона пичоғи билан опаси А.Муҳаммадиеванинг бўйин ва қорин соҳаларига бир неча маротаба уриб, қасддан ўлдирган.
Жиноятини яшириш мақсадида мурдани “Сайноқ” каналига оқизиб юборган.
Айни дамда қотилликда гумон қилинувчи аёл қўлга олинган ва ҳолат юзасидан шаҳар прокуратураси томонидан ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.