Иштихонда хитойликлар мармардан ҳайвонлар ҳайкалини ясаяпти

Иштихон туманида фаолият кўрсатаётган “Samarkand Stone Trade Corporation” қўшма корхонаси мармар қазиб олиш ва қайта ишлаш билан шуғулланади. Инвестиция дастури асосида 2020 йилда фаолиятини бошлаган бу йирик корхона “Зарбанд мармар кони”дан тош қазиб олади ва туман марказидаги қайта ишлаш цехида 10 турдан зиёд маҳсулотлар тайёрлайди.

Корхона йилига 50 минг тонна мармар қайта ишлаш қувватига эга.

 

– Лойиҳамиз қиймати 8 миллион долларни ташкил этади, – дейди корхона раҳбари Хе Минг. – Бугунги кунгача 4 миллион долларлик ишлар бажарилди. Биринчи босқичда мармар кони очилиб, у ердан сифатли тош қазиш ишлари амалга оширилди. Иккинчи босқисда эса мармарни қайта ишлайдиган завод қурилди ва Хитойдан замонавий дастгоҳлар келтириб ўрнатилди. Қайта ишлаш жараёнини жорий йилнинг март ойидан бошладик. Учинчи босқичда мармар қолдиқларидан турли хил қурилиш материаллари тайёрлашни мақсад қилганмиз.

Айни пайтда бу ерда хорижлик мутахассислар билан бирга 25 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Хитойлик 4 нафар сангтарош тош кесиш ва унга ишлов бериш бўйича маҳаллий ишчиларга устозлик қиляпти. Шунингдек, мармар конида ҳам 25 нафар киши иш билан банд.

Корхонада катта-кичик фавворалар, турли ҳайвонларнинг ҳайкаллари, зиналар ва улар учун махсус тўсиқлар, устунлар, ошхона стол-стуллари, йўлаклар учун плиталар ва бошқа маҳсулотлар таёрланмоқда. Ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ички бозорга сотиш, Марказий Осиё давлатлари, шунингдек, Хитой ва Кореяга экспорт қилиш мақсад қилинган.

Ўзбекистон табиий ресурсларга бой давлат, - дейди Хе Минг. - Биз қазиб олинган ва қайта ишланган мармар тош қолдиқларидан ҳам самарали фойдаланамиз. Шунингдек, кон атрофида мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиб, боғ яратяпмиз. Ердан олинган тошлар ўрнига нимадир қолдириш керак-ку ахир!

Тўлқин Сиддиқов,

Бахтиёр Мустанов.