Иштихондаги маданий мерос объектлари ва маданият соҳасидаги муаммолар қачон ҳал этилади?
Туманда асосан IV-VIII, XIX-XX асрларга тегишли 70 та археология ва архитектура моддий маданий мерос объекти, 7 та маданият маркази, 1 та “Роҳат” халқ ва ашула рақс ансамбли ҳамда 1 та мусиқа ва санъат мактаби бўлиб, уларнинг ҳолати ва фаолияти билан танишганимизда бир қатор муаммоларга дуч келдик.
Жумладан, туман марказида жойлашган Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси тасарруфидаги Иштихон туман тарихи музейи капитал таъмирга муҳтож. 1979 йилда қурилган музейнинг экспозиция заллари 9 бўлимдан иборат бўлиб, уларда 1580 дона ашё сақланмоқда. Музейнинг экспозиция заллари ва хавфсизлик тизими талабга жавоб бермайди, иситиш тизимига уланмаган, жиҳозлар етишмайди, борлари ҳам эскирган. Музей директори Зафар Мухторовнинг айтишича, музейдаги ушбу муаммоларни ҳал қилиш мақсадида объект жорий йилги давлат дастурига киритилган.
Туманнинг Хонақо маҳалласида бундан 300 йил олдин қадимий “Хонақо” масжиди бўлган. Кейинчалик масжид бузилгач, 1989 йилда масжид халқ ҳашари билан қайта қурилган.
- Масжидни маҳалламиз аҳли билан ҳашар қилиб қайта қурганмиз, аммо унга қарашли иккита ҳужра ва битта даҳлиз таъмирталаб, - дейди шу маҳаллада яшовчи Бектош Равшанов. – Масжид Маданий мерос агентлиги рўйхатига киритилгани учунми, фойдаланишга рухсат берилмади. Ҳужраларни ҳам халқ ҳашари ва ҳомийлар кўмаги билан таъмирлаш таклифини берган эдик. Аммо масъуллар маданий мерос объектига зиён етишини ва тез фурсатда муҳофазага олинишини айтиб, бунга рухсат бермади. Афсуски, шундан кейин ҳеч қандай амалий иш қилинмади. Объект аҳоли хонадонлари яқинида жойлашган ва ундан турли мақсадларда фойдаланаётганлар ҳам топилади. Шу боис уни тезроқ муҳофазага олиш керак.
Туманда XIX-XX асрларга тегишли Орлат маҳалласидаги, “Орлат” ва Одил маҳалласидаги “Қорақўйли” архитектура объектларининг ҳолати қониқарсиз, Йўғонтепа маҳалласидаги “Йўғонтепа” масжиди авария ҳолатида турибди. Умуман, тумандаги маданий мерос объектларининг аксариятида муҳофаза белгилари ўрнатилмаган, таъмирталаб ва консервацияга муҳтож.
Маданият бўлими тасарруфида 7 та маданият маркази бўлиб, уларда 36 нафар ходим ишлайди. Мусиқа ва санъат йўналишида 20 та тўгарак ташкил этилган ва 360 нафардан зиёд ўғил-қиз жалб қилинган. Жорий йилнинг ўтган даврида маданият бўлими томонидан 200 га яқин оммавий, маданий-маърифий ва театрлаштирилган тадбирлар ташкил этилган.
- Тизимдаги асосий муаммо - олий маълумотли кадрлар етишмайди ва 20, 22, 23, 25- маданият марказлари ўз биносига эга эмас, - дейди туман маданият бўлими бошлиғи Дилмурод Абдуллаев. - Рости, ходимларнинг маоши камлиги ва турли тадбирларга жалб қилиниб, ҳақ тўланмаслиги натижасида кўпчилик соҳани ташлаб кетяпти. Ҳозир тизимда кўпроқ соҳа фидойиларини кўриш мумкин. Шуларни эътиборга олиб, яқинда Қорақуйли маҳалласида намунали маданият маркази ташкил этиш бўйича туман ҳокимлиги томонидан лойиҳа ишлаб чиқилиб, ер майдони ажратиладиган бўлди. Албатта, бу каби амалий ишлар соҳадаги муаммоларни камайтиради ва бизни ҳам шижоат билан ишлашга ундайди.
Туманда 21-сонли ягона мусиқа ва санъат мактаби бор. Бу ерда 13 йўналишда 55 нафар ўқитувчи икки навбатда 350 нафарга яқин ёшларга санъат сирларини ўргатиб келмоқда. Муассаса директори Озод Қудратовнинг таъкидлашича, мусиқа ва санъат мактабининг моддий техник базаси яхши. Аммо бинога кириш қисми фасаднинг техник ҳолати ёмон. Ёмғирли кунларда бино ичкарисига сув киради, нам оқибатида полларда чўкиш ва ёриқлар пайдо бўлган. Ҳолат юзасидан туман ҳокимлиги ва вилоят маданият бошқармасига бир неча марта мурожаат қилинган, бироқ натижа бўлмаган.
Кўриниб турибдики, туманда моддий маданий мерос объектлари ва маданият соҳасида ечимини кутаётган муаммолар талайгина. Ишонамизки, Маданий мерос агентлиги вилоят бошқармаси ҳамда вилоят маданият бошқармаси айтилган масалаларни эътибордан четда қолдирмайди.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.