Иштихондаги «Оқдарё» сув омборида ёриқлар пайдо бўлгани ростми? Расмий муносабат билдирилди

Иштихон туманидаги «Оқдарё» сув омборида ёриқлар пайдо бўлгани ва сув сатҳи меъёрдан ошиб кетгани ҳақида ижтимоий тармоқларда видеолар тарқалди. Мазкур ҳолат бўйича Иштихон тумани ҳокимлиги муносабат билдириб, тарқалган маълумотларнинг ҳақиқатга мос келмаслигини маълум қилди.

Ҳокимликнинг расмий баёнотига кўра, "Оқдарё" сув омборида ҳеч қандай носозлик ёки хавфли ҳолат аниқланмаган. Сув сатҳи меъёрий даражада бўлиб, дамба ва унга тегишли инфратузилмалар барқарор ишламоқда. Стратегик аҳамиятга эга ушбу иншоот доимий равишда мутахассислар томонидан назорат қилиниб, техник кўрикдан ўтказилган.

13 январь куни Иштихон туман судида мазкур ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилган. Сув омборида олиб борилган жорий таъмирлаш ишлари давомида омбор жанубий-ғарбий қисмида ёриқлар пайдо бўлгани ҳақида нотўғри маълумотни видеога олиб, ижтимоий тармоқларда тарқатган Ж.Ҳ. ва М.П.нинг ҳаракатлари кўриб чиқилган. Улар мазкур нотўғри маълумотни 10 январь куни тарқатиб, жамоат тартиби ва хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборот тарқатганликда айбдор деб топилган.

Судда айбдорларнинг ҳаракатлари далиллар, тушунтириш хатлари ва суд материаллари орқали тасдиқланган.

Суд қарорига кўра, Ж.Ҳ. ва М.П. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202-2-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, уларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида, яъни 7 миллион 500 минг сўм жарима жазоси белгиланган.