Иштихондаги йўл масаласида ҳокимлик ҳам, вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси ҳам ваъдасини бажаролмади

Туманнинг Йўғонтепа маҳалласидаги атиги бир километрлик йўл сўнгги икки ойда анча машҳур бўлиб қолди.

Вилоят ҳокимлиги ва Zarnews`нинг умумий — @zarafshonbot манзилига маҳалла аҳли дастлаб 10 ноябрь куни мурожаат қилган эди:

“Бир ой олдин бу йўлимиз асфальт эди. "Таъмирлаймиз", деб бир километр асфальтни қириб, тош кўчага айлантиришди-ю, шу билан йўлсозларнинг ўзи ҳам кўринмай кетди.

Энди туппа-тузук кўчамизда юриб бўлмай қолди. Айниқса, ўқувчилар мактабга бориб келишга қийналяпти...”, дейилганди мурожаатда.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай ҳам Иштихон тумани ҳокимлиги, ҳам вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси 2021 йилнинг 25 ноябрь кунига кўча таъмири тўлиқ бажарилишини расман маълум қилганди. Мана ўша баёнот:

"Иштихон тумани “Йўғонтепа” маҳалласи Минглар ва Дусат қишлоғини боғловчи ички йўлнинг 1,2 километр қисми 2021 йил Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-5048-сонли қарорига асосан Давлат дастурига киритилган бўлиб, 486 миллион 760 минг сўм маблағ ажратилган.

Бугунги кунда 4 минг метр қисмига асфальтобетон қопламаси ётқизилди, қолган 800 метр қисми ёғингарчилик бўлганлиги сабабли қурилиш ишлари тўхтаб қолди.
2021 йилнинг 25 ноябрь кунига қадар ишлар тўлиқ бажарилишини маълум қиламиз".

Аммо бугун 1 километр йўл учинчи бор ОАВ юзини кўрмоқда. Чунки аҳоли айтилган вақтдан шунча ўтиб ҳам йўл таъмирланмаганини маълум қилмоқда. Нима ҳам дердик, йўлни таъмирлаш қийин, ваъда бериш эса осон...

***

Ушбу мақола Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.