Ислом Каримов хотираси ёд этилди

Самарқанд шаҳрида 30 январь - Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллуд топган кун муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.

"Ислом Каримов фонди" ташаббуси билан ташкил этилган маросимда вилоят ва Самарқанд шаҳар ҳокимлиги вакиллари, нуронийлар, фаоллар иштирок этди. Тадбир аввалида иштирокчилар И.Каримов туғилиб, ўсган хонадонда бўлиб, улуғ инсон хотирасини ёд этди, Қуръон тиловат қилинди.

Шундан сўнг мустақиллигимиз асосчиси хотирасига бағишлаб эҳсон дастурхони ёзилди. Тадбирда Ислом Каримовнинг ҳаёти, илм-фан, маданият ва маънавиятни ривожлантириш борасидаги ишлари эсланди.

- Меҳнат фаолиятим давомида Ислом Абдуғаниевич билан бир неча бор учрашишга муяссар бўлганман, - дейди меҳнат фахрийси Салоҳиддин Бобомуродов. – 2015 йилда Самарқандга ташрифи чоғида биз, фахрийлар билан бирма-бир кўришиб, менинг қўлимни сиқаркан «Сизни эсладим, пиллачиликни ривожлантириш бўйича кўп ишлар қилишимиз керак», деганди. Ислом Каримов ҳар бир соҳани чуқур биладиган, юксак тафаккурли ва салоҳиятли инсон эди.