Исроил Путиннинг узрини қабул қилганини эълон қилди

Пайшанба куни Кремль сайти Россия президенти ва Исроил бош вазири ўртасидаги телефон суҳбати ҳақида маълум қилди.

Кейинроқ Нафтали Беннет кабинети эълон қилган хабарда айтилишича, “бош вазир Россия президентининг узр сўрашини қабул қилган, унга яҳудий халқи ва Холокост хотирасига муносабатини ойдинлаштиргани учун миннатдорчилик билдирган”.

Эслатиб ўтамиз, ўтган якшанба куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Италия матбуотига берган интервьюсида “Гитлерда яҳудийларнинг қони бор”, деган эди:

"У (Зеленский) "Мен яҳудий бўлсам, бизда қандай нацификация бўлиши мумкин" деган аргументни илгари сурганига... мен, хато қилишдан қўрқаману, агар тўғри эсласам - Гитлерда ҳам яҳудий қони бор эди. Бу мутлақо ҳеч нарсани англатмайди. Доно яҳудий халқи айтадики, «энг ашаддий антисемитлар одатда яҳудийлардир».

Лавровнинг сўзлари исроиллик сиёсатчи ва жамоат арбоблари орасида ғазабга сабаб бўлди.

"Холокостдан сиёсий зарбалар учун восита сифатида фойдаланишни дарҳол тўхтатиш керак", деди яҳудий давлати бош вазири Нафтали Беннет.

"Вазир Лавровнинг сўзлари хато. Уларни иложи борича қаттиқ қоралаш керак. У аслида Холокостнинг тескари тарғиб қилмоқда, қурбонларни жавобгарликка тортмоқда. Бу жирканч, қабиҳлик ва тарихий ҳақиқатга зид"», дея таъкидлаганди «Яд вашем» мемориал мажмуаси бошқаруви раиси Дани Даян.

Мазкур воқеалар ортидан эса Путин Лавровнинг сўзлари учун узр сўрагани эълон қилинди.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, Москва Украинага қўшин киритиш бошланганидан бери нейтрал позицияни сақлаб келган саноқли Ғарб ҳамкорларидан бирини йўқотишни истамаган.