"Иссиқлик тўлқинлари ошаверади": Швейцария музликлари рекорд даражада қисқармоқда

Швейцария Альп тоғларидаги музликлар рекорд даражада эримоқда, сўнгги икки йил ичида ҳудуд 10 фоизга: ўтган йили 6 фоизга, бу йил 4 фоизга қисқарди.

Швейцариянинг криосферани кузатиш комиссияси маълумотларига кўра, икки йил ичида 1960 йилдан 1990 йилгача бўлган даврдаги ҳажмда муз эриган.

Музнинг йирик йўқотилиши қишда қорнинг жуда кам ёғиши ва ёзги юқори ҳарорат натижасидир. Музликлар эриши бутун Швейцарияга таъсир қилди. Мамлакатнинг жанубий ва шарқий қисмидаги музликлар ҳам шиддат билан эрий бошлади.

ЮНЕСКО ҳисоб-китобига кўра, яқин 30 йил ичида БМТ Жаҳон мероси объектлари рўйхатидаги музликларнинг қарийб учдан бир қисми эриб кетади.

Ваҳоланки, икки миллиард одам сув таъминоти музликлар ва мавсумий қор эришига боғлиқ жойларда яшайди.

Яқинда Швейцарияда ўтказилган референдумда янги қонун маъқулланди ва унда 2050 йилга қадар иссиқхона газлари чиқиши нолга тенглаштирилиши айтилади. БМТ томонидан эса 2025 йил - Халқаро музликларни сақлаш йили деб эълон қилинди.

Дарҳақиқат, ўтган ёз дунё тобора қизиб бораётганини яна бир бор исботлади.
Олимларнинг таъкидлашича, бунинг сабаби - иссиқлик тўлқинлари ошишини жадаллаштирувчи иқлим ўзгаришидир. Ўрмон ёнғинлари ва чўл чанглари туфайли кучайган ушбу ўта юқори ҳарорат ҳаво сифати, инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга сезиларли таъсир кўрсатмоқда.

Мутахассисларнинг фикрига кўра:
• келажакда экстремал иссиқлик тўлқинлари тобора ошиб боради;
• ҳаво сифати ва иқлим ўзгариши масалалари тезкор ва биргаликда ҳал қилиниши керак;
• 2022 йилги Европа иссиқлик тўлқини, шубҳасиз, озон қатлами ифлосланишининг ошишига олиб келди;
• ўрмон ёнғинлари тутуни инсон саломатлиги, экотизим ва экинларга зарар етказди;
• "шаҳар иссиқлик ороллари" парк ва дарахтларни камайтиради.

Хуллас, инсон фаолияти натижасида ҳосил бўлган, иссиқхона газлари юзага келтираётган иқлим ўзгариши узоқ муддатли глобал таҳдиддир.

Г.ХОЛДОРОВА таржимаси.