Иссиқхоналарнинг барчаси газ билан таъминланади
Давлатимиз раҳбарининг топшириғига биноан республикамизнинг барча ҳудудларида фаолият кўрсатаётган иссиқхоналарга табиий газ бериш бошланганидан хабарингиз бор. Шу куннинг ўзида вилоятимиздаги 137 та иссиқхонанинг 75 тасига ҳам газ берила бошлади. Қолганларида эса ҳужжатлаштириш ишлари давом эттирилди.
Бугунгача "Самарқанд ҳудудгаз" вилоят филиали мутахассислари томонидан қолган тадбиркорларга тегишли иссиқхоналар ҳам ўрганиб чиқилиб, табиий газ билан таъминлаш бўйича шартномалар тузилди.
- Икки кун мобайнида вилоятимиздаги 120 та иссиқхона хўжаликларининг газ тармоғига уланиш билан боғлиқ техникавий ва хавфсизлик ҳолатларини ўрганиб, масъул ходимлари билан суҳбатлашдик, - дейди филиал директори Ансор Муҳаммадиев. - Бугунгача шаҳар ва туманлардаги 94 та иссиқхона билан газ етказиб бериш бўйича шартномалар тузилди ва газ тармоғига улаб берилди.
Ўрганишлар натижасида жами 44 та иссиқхонанинг табиий газдан 5 миллиард сўмдан ортиқ қарзи борлиги маълум бўлди.
Филиал мутахассислари қарзи бўлган тадбиркорлар билан суҳбатлашиб, мавжуд қарздорликни узиш борасида ҳам келишиб олди. Табиий газга эҳтиёжи бўлмаган 17 та иссиқхонанинг ҳолати ўрганилиб, уларни муқобил иситиш маҳсулотлари билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Д.Тўхтаев.