Истеъмолдаги қайси тузда йод борлигини биласизми?
Йод –қалқонсимон без гормонларининг таркибига кирувчи модда бўлиб, организмда ишлаб чиқарилмайди. Яъни фақатгина ташқаридан қабул қилиш орқали унинг организмдаги ўрнини тўлдириш мумкин.
12 ёшгача бўлган болаларда суткалик йодга эҳтиёж 100 мкг.ни ташкил қилса, 12 ёшдан катта болалар ва катта ёшлилар учун 150 мкг.ни, ҳомиладор ва эмизикли аёллар учун 250 мкг.ни ташкил этади.
БЖССТ маълумотига кўра, дунё аҳолисининг 30 фоиз қисми йод етишмаслиги орқали келиб чиқадиган касалликлар хавфи билан яшайди. 40 миллиондан ортиқ кишилар эса айнан йод етишмаслиги туфайли ақлий ривожланишдан орқада қолган. Вилоятимиз бўйича эндемик бўқоқ билан 32832 нафар бемор диспансер назоратига олинган.
Суткалик йодга бўлган эҳтиёжни қондиришда ош тузи муҳим восита ҳисобланади. Чунки у овқатга кимёвий қайта ишланмасдан солиш мумкин бўлган ягона минерал саналади. Туз ижтимоий –иқтисодий ҳолатидан қатьий назар, ҳар бир оилада ишлатилади. Шунингдек, ишлатиш миқдори йил фаслларига ёки бошқа таъсирларга боғлиқ эмас. 5 грамм ош тузи қабул қилиш орқали 100-150 мкг йод қабул қилинади.
Самарқанд вилояти эндокринология диспансери ходимлари олиб борган сўровнома натижасига кўра, шаҳримиз аҳолиси томонидан энг кўп ишлатиладиган ош тузлари «Kristall Tuz»,« Sam Оrzu»,«Safir »,«Almaz», «Bek Baraka» ҳисобланар экан. Самарқанд вилоят ДСЭНМ томонидан 2019 йил 6 май куни ушбу ош тузларидан олинган намуналар текшириб кўрилди. Натижада «Kristall Tuz» таркибида йод миқдори 3,7 мг/кг (нормада 25-55мг/кг), « Sam Оrzu» таркибида йод миқдори 5.8 мг/кг, «Safir » таркибида йод микдори 29.1 мг/кг, «Almaz» таркибида йод миқдори 34.4 мг/кг, «Bek Baraka» таркибида йод миқдори 39.7 мг/кг эканлиги аниқланди. Демак, биз истеъмол қилаётган тузнинг асосий қисми талаб нормаларига жавоб бермайди. Бу эса ўз навбатида йод етишмаслиги натижасида келиб чиқадиган касалликларнинг кўпайишига замин яратади.
Гулзода Негматова,
вилоят эндокринология диспансери бош шифокори.