“ISUZU”га ортилган 151 миллион сўмлик маҳсулотлар тўхтатиб қолинди

Пандемия шароитида сифати кафолатланмаган озиқ-овқат маҳсулотларини юртимизга ноқонуний олиб киришнинг олдини олиш мақсадида божхона органлари томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Наманган вилояти божхона бошқармаси контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар билан ҳамкорликда Наманган шаҳрида тезкор тадбир ўтказди.

Тадбир давомида Наманган шаҳри Бодомзор кўчасида аввалдан кузатувга олинган фуқаро М.И.га тегишли бўлган “ISUZU” русумли юк автотранспорт воситаси холислар иштирокида ва белгиланган тартибда кўздан кечирилди.

Натижада ушбу автомашинада тегишли ҳужжатлари бўлмаган, хорижда етиштирилган салкам 3,5 тонна қуритилган мевалар, шунингдек, 1168 дона олиб кириш ва реализация қилиш тақиқланган электр чўғланма лампалари, 1140 дона сифати кафолатланмаган болалар ўйинчоқлари, ҳашаротларга қарши дорилар, соч олишга мўлжалланган мослама ва бошқа хўжалик моллари борлиги аниқланди.

Таъкидлаш жоизки, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 20 октябрдаги “Энергияни тежайдиган лампалар маҳаллий ишлаб чиқарилишини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 299-сонли қарорига кўра, электр чўғланма лампаларни 2016 йил 1 июлдан эркин муомалага чиқариш ва 2017  йил 1 январдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилиниши тақиқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан жами 151 миллион сўмлик товар моддий бойликлар ашёвий далил сифатида вақтинча сақловга олинди.

ДБҚ матбуот хизмати хабарига кўра, ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.