Ихтиром учун 30 миллион сўм кредит сўраяпман, ёрдам берадиган мутасадди йўқ
Кўп йиллардан буён пайвандловчи механик йўналишида иш юритаман. Кейинги йигирма йил мобайнида Россияда, Қозоғистонда шу соҳа бўйича ишладим, тажриба орттирдим. Қирқ ёшдан ошдим, бошқа жойларга бориб ишлашга юрагим бетламай қолди. Энди ўз юртимда меҳнат қилиб, четда ўрганган малакамдан фойдаланган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчиман. Яъни, қўлбола бетон аралаштиргич (бетономешалка) машина ясашга қарор қилдим.
Ушбу машинани ясашга ҳозиргача 50 миллион сўм пулим кетди. Етмаган жойига банкдан имтиёзли кредит олиш мақсадида ўтган йили туман ҳокимининг маҳалламиздаги ёрдамчиси, ҳоким ўринбосарига мурожаат қилдим. Улар имтиёзли кредит чиқариб беришини ва ҳужжатларни тўғрилашимни айтишди. Айтган қоғозларини тайёрлаб олиб бордим, аммо тасдиқдан ўтказишмади, хуллса ваъдасида туришмади.
Туман мутасаддиларига ярим йилдан ошдики, “Атиги 30 миллион сўм кредит берсаларинг, ушбу лойиҳам амалга ошса, 5 кишини иш билан таъминлайман, давлатга солиқ тўлайман”, дея жаврашларим кор қилмаяпти. Нима қилишимни билмаяпман, маслаҳат беринг!
Отабек ТУРСУНОВ,
Иштихон тумани Халқобод маҳалласи, Бодай қишлоғи.