Жаҳонгир Воҳидовга вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди
Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида ўтказилган 45-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси бронза медални қўлга киритган бўлса, қизларимиз иштирокини 12-ўринда якунлади.
Бронза медалларни қўлга киритган Ўзбекистон эркаклар жамоаси аъзолари “Президент совғаси” сифатида BYD Chazor русумидаги автомобиллар ҳамда пул мукофоти билан тақдирланди.
Олимпиадада совриндор бўлган ва фаол иштирок этган вилоятимиз шахматчилари Жаҳонгир Воҳидов, Афруза Ҳамдамова ҳамда Маржона Маликова Самарқандда тантанали кутиб олинди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими Э.Турдимов иштирок этиб, спортчиларни табриклади, уларга ташаккурнома ва эсдалик совғаларини топширди.
- Икки йил аввал Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида ўтказилган 44-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида чемпионлик шоҳсупасига кўтарилган эдик, - дейди Жаҳонгир Воҳидов. – Бу йил ҳам икки карра чемпион бўлиб, тарих яратишни мақсад қилгандик. Афсуски, омадимиз келмади. Лекин кучли давлат шахматчилари орасида совриндорлар қаторидан жой олдик ва шунинг ўзи ҳам катта натижа. Бу ютуқларнинг барчаси юртимизда спортчиларга яратилган шароит ва шахматни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор натижаси деб биламан. Жумладан, 2026 йилда 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг Ўзбекистонда ва айнан Самарқандда ўтказилиши ҳам бежизга эмас. Албатта, мазкур нуфузли мусобақага муносиб тайёргарлик кўриб, фақат чемпионлик учун дона сурамиз ва билдирилган ишончни оқлаймиз.