АҚШ шимолидаги шаҳарча президентлик сайлови натижаларини биринчи бўлиб эълон қилди

Қўшма штатларда президентлик учун сайлов якуний босқичга кирди. Вице-президент Камала Харрис ва собиқ президент Доналд Трамп Нью-Хемпширдаги миттигина Диксвилл Нотч шаҳрида учтадан овоз билан тенглашди. Бу ҳақда CNN хабар берган.

Овоз беришда тўрт нафар республикачи ва икки нафар эълон қилинмаган сайловчилар иштирок этган. Нью-Хемпширнинг шимолий чеккасида АҚШ-Канада чегарасида жойлашган шаҳарча ярим тундан кейин овоз беришни очди ва ёпиб қўйди. Бу 1960 йилдан бошланган анъана.

АҚШда бугун, 5 ноябрь куни президентлик сайловида овоз бериш бошланди. Асосий кураш Демократик ва Республикачилар партияларидан номзодлар – АҚШ вице-президенти Камала Харрис ва 45-президент Доналд Трамп ўртасида кечмоқда.

Штатларда овоз бериш натижалари аста-секин 6 ноябрь эрталабгача қабул қилинади. Охирги сайловолди сўровлари шуни кўрсатдики, уларнинг тўрттасида Трампнинг кичик фарқ билан, учтасида эса Харриснинг ғалаба қозониш имконияти юқори. Аксарият федерал сўровлар Харриснинг миллий миқёсда бир оз олдинда эканлигини кўрсатмоқда.