Жамоатчилик назорати: Дастурда бор, амалда қачон бўлади?
Мактабларда ўқувчи ўрнини кўпайтиришга жиддий қаралмаяпти
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 25 декабрдаги ҳамда вилоят ҳокимининг 2023 йил 13 мартдаги қарорлари билан ҳудудий дастур тасдиқланган. Дастурнинг 1-бандида янги мактабларни қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш ҳамда зарур шарт-шароитни яратиш билан боғлиқ вазифалар белгиланган.
Унга кўра, жорий йилда 90 та мактабни реконструкция қилиш ва 4 та мактабни янгидан барпо этиш орқали 24,7 минг нафар ўқувчи ўрнини яратиш белгиланган.
«Юксалиш» ҳаракати вилоят бўлинмаси томонидан Тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватлаш бўйича вилоят жамоатчилик гуруҳи, Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлинмаси ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида мазкур вазифа ижроси ўрганилди.
Мониторинг давомида 1 та янги қуриладиган, 59 та реконструкция қилинадиган объектларга шаҳарсозлик экспертиза хулосаси олингани маълум бўлди. Комплекс экспертиза маркази хулосасига кўра, объектлар сони яна камайганлигини кўриш мумкин. Хусусан, янги қуриладиган мактаблар 1 та, реконструкция қилиш учун киритилган объектлардан 21 таси комплекс экспертиза маркази хулосасига киритилган.
Ҳудудий дастурда белгиланган ушбу вазифа юзасидан вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси, вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси ҳамда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан тизимли ишлар йўлга қўйилмаган.
Мисол учун, Президентнинг 2023 йил 25 декабрдаги (ПҚ-404) қарорига асосан, Иштихон туманидаги ўқувчи сиғими 1,8 коэффициентдан ошган мактаблар сиғимини ошириш ва ўқувчиларнинг таълим олиш шароитларини яхшилаш мақсадида бир нечта синф қуриш ва қайта реконструкция қилиш белгиланган.
Аммо давлат раҳбари имзолаган ҳужжатда белгиланган ушбу таълим ташкилотида, шунингдек, Оқдарё туманидаги 9-мактаб, Тойлоқ туманидаги 34-мактаб, Ургут туманидаги 65-, 120-, 145-мактаб, Булунғур туманидаги 59-мактаб, Самарқанд туманидаги 6-мактабда реконструкция ишлари бошланмаган.
Саволлар туғилади, давлат раҳбари имзолаган ҳужжат узоқни кўзлаб, ҳар томонлама ҳисоб-китоб асосида тақдим қилинмаганми? Нега унинг ижроси пайсалга солинмоқда? Тегишли ҳужжатлар тайёрланмаган, бугун-эрта қурилиш бошланмаслиги тайин бўлган объектлар янги ўқув йилига тайёр бўладими?
Юқоридагилардан келиб чиқиб, қуйидаги таклифларни билдирамиз:
Йил якунига қадар вилоятда 90 та мактабни реконструкция қилиш ва 4 та мактабни янгидан барпо этиш орқали 24,7 минг ўқувчи ўрнини яратиш чораларини кўриш зарур. Токи бугун мактаблардаги 1,5-2 коэффициент янада ортиб, бошқа муаммоларни келтириб чиқармасин.
Бундан ташқари, янги мактаб қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш, уларга зарур шарт-шароитларни яратишга масъул пудратчи ташкилотлар мактаб директорларига қурилиш сметасини тақдим этиши лойиҳа боришини маҳалла раислари бошчилигида тузилган жамоатчилик вакиллари доимий назорат қилиб боришларини таъминлаш керак. Бу эртага қурилиш битгандан сўнг турли саволларга ўрин қолдирмаслиги, кутилмаган бош оғриқлар пайдо бўлмаслиги гарови бўлиши тайин.
Энг муҳими, ҳудудий дастурда белгиланган ушбу вазифа юзасидан вилоят иқтисодиёт ва молия, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармалари ҳамда мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан дастур ижросини таъминлаш борасидаги якуний келишувни таъминлаш керак.
Элёр Ҳамроев,
«Юксалиш» ҳаракати вилояти бўлинмаси раҳбари.