Жаноб Браунинг - тўппончалар қироли
Браунинг тўппончаси ҳақида кўпчилик эшитган. Аммо унинг ихтирочиси ким эканлигини ҳамма билмайди.
Жон Мозес Браун 1855 йил 23 январда Америкада таваллуд топади. Отаси темирчи ва қуролсоз Жонатан Браунингнинг учта хотини ва йигирма икки нафар фарзанди бор эди. Жон отишни ёзишдан олдин ўрганади ва 14 ёшида биринчи милтиқни ихтиро қилади.
У умри давомида (Браунинг 1926 йилда вафот этади) ўз номи билан 37 та қирқма милтиқ, 18 та стволли милтиқ, уларга патронлар яратади, 128 та патент олади. Шунга қарамай, у ўз ихтироларини серияли ишлаб чиқаришга уқуви йўқ эди. Браунинг олдин қурол ишлаб чиқарадиган «Чинчестер» фирмасида ишлайди. Аммо кейинчалик тўппонча яратиш билан шуғулланади. Бу фирма эгаларини қизиқтирмасди. Жон Европага келади ва Бельгиянинг «Насональ» фабрикасида ишлай бошлайди. 1900 йилда унинг биз ҳозир кўникиб қолган серияли биринчи тўппончаси яратилади.
Бу тўппонча ўшандан буён қотиллар қўлида қанча одамларнинг бошига етмади, дейсиз. Улар орасида таниқли давлат раҳбарларигача бор. 1900 йилда ишлаб чиқарилган ўша Браунинг намунаси билан 1904 йилда Финландия генерал-губернатори Николай Бобриков террорчилар томонидан ўлдирилади. 1909 йилда корейс киллер Япония бош вазири Ито Хиробумини отиб ташлайди. 1911 йил 1 сентябрда Киевда опера театрида эсер Дмитрий Богров Россия империяси бош вазири Петр Столипинни оғир яралайди.
1918 йил 30 августда эсер Фани Каплан Ленинни отади.
Браунинг тўппончаси узоқ йиллар террорчилар қўлида ўлим қуроли бўлиб келди. 1981 йил 22 майда Али Агжа Рим Папаси Ион Павл II га суиқасд қилди. У «Хай пауэр» брауни билан қуролланган эди. Тўғри, бу Жон Браунинг ўлимидан кейин ишлаб чиқарилган эди. Бу ҳозирча Браунинг билан сиёсий қотилликка қўл урилган сўнгги уриниш бўлиб турибди.
Т.Шомуродов тайёрлади.