Жанубий Корея-Ўзбекистон: иқтисодий ҳамкорлик янада ривожланади

Президентимизнинг 2017 йил 22-25 ноябрь кунлари Жанубий Кореяга ташрифидан сўнг кореялик ишбилармонларнинг юртимиз тадбиркорлари билан ҳамкорлиги янада кенгаймоқда. 
Яқин истиқболда корейс ишлаб чиқарувчилари билан биргаликда кўплаб янги лойиҳалар амалга оширилиши  режалаштирилган. 
Бу фикрлар Самарқанд шаҳар ҳокимлигида Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ташаббуси билан Жанубий кореялик ишбилармонлар ва вилоятимиз тадбиркорлари учрашувида алоҳида таъкидланди. 

Учрашувда Жанубий Кореядаги ип-калава ва текстиль, пластик ва чиқиндини қайта ишлаш, ойналар, энергия тежамкор лампочкалар, компьютерлашган тизимдаги томчилатиб суғориладиган иссиқхоналар, ветеринария препаратлари, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирувчи, қайта ишловчи ва қадоқловчи, оловга чидамли қурилиш материаллари, смартфонлар учун алоҳида дастурлар ишлаб чиқарувчи ва бошқа йигирмадан ортиқ корхона вакиллари иштирок этди. 
Дастлаб меҳмонларга Самарқанднинг ўтмиши, бугунги куни, иқтисодиёти, инвестиция имкониятлари ва хорижий инвесторларга яратилган қулайликлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. 

– Самарқандга келишимиздан аввал Хива ва Бухоро шаҳарларида ҳам бўлдик, – дейди Пусан шаҳри савдо-саноат палатаси бошлиғи ўринбосари Ли Су Сунг. – Президентингиз Кореяга ташрифи чоғида юртингизда инвестия киритиш имкониятларига алоҳида тўхталганди. Ҳақиқатан ҳам сизларда инвесторлар учун яхши шароитлар яратилган. Ҳозир биз бу ердаги талаб ва таклифни ўрганиб, туризм ва бошқа соҳаларда сармоя киритиш масалаларини муҳокама қиляпмиз. Келгусида йирик корхона раҳбарлари билан келиб, янги лойиҳалар борасида ҳамкорлик қилиш истагидамиз.