Жасорат ва фидойилик унутилмайди: Жанговар топшириқни бажараётиб ҳалок бўлган аскарлар хонадонида

Элёр Чориев 1984 йилда Паст Дарғом туманида туғилган. Тошкент олий умумқўшин қўмондонлиги билим юртини тамомлагач, Давлат хавфсизлик хизматининг чегара қўшинларида турли лавозимларда ишлади. Мард ўғлон 2016 йилнинг октябрь ойида навбатдаги жангавор топшириқни бажариш вақтида ҳалок бўлган.

9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси масъуллари хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлган чегара қўшинлари аскарларининг оиласи ҳолидан хабар олиб, байрам билан қутлашди. Элёр Чориев ҳам жонини Ватани, эл-юрти хавфсизлиги учун фидо қилишдан қўрқмаган қаҳрамонларнинг биридир.

Самимий ўтган учрашувда Э.Чориевнинг ёрқин ҳаёти, хизмат вақтида кўрсатган жасоратлари, фазилатлари ёдга олинди. Марҳум кўрсатган қаҳрамонлик халқимиз ёдидан ўчмаслиги, оила аъзолари доимл ҳукумат эътиборида бўлиши, фарзандлари ҳеч кимдан кам бўлмай вояга етиши учун зарур шароитлар яратилиши таъкидланди.

— Мен дадамга ўхшашга ҳаракат қиламан, — дейди унинг ўғли Мероншоҳ Аҳмадов. — Дадам қаҳрамон бўлган, бизни, юртимизни душманлардан ҳимоя қилган. Мен ҳам улғайсам, чегарачи бўлиб, унинг ишини давом эттиришга қарор қилдим.

Жомбойлик Мурод Тожиев 2011 йилда давлатимиз сарҳадларини бузиб ўтмоқчи бўлган жиноятчиларга қарши кураш вақтида олган оғир жароҳати оқибатида вафот этган. ДХХ масъуллари унинг ҳам уйида бўлиб, яқинларининг ҳолидан хабар олишди.

Худди шундай, каттақўрғонлик чегара қўшинлари майори, марҳум Баҳром Эргашовнинг оила аъзолари ҳам байрам билан табрикланди. Улар таълим олган мактабларда бугун уларнинг бюсти ўрнатилган. Мардлик ва жасорат тимсоли бўлган мазкур ҳайкаллар пойига гул қўйилиб, марҳумлар хотирасига хурмат бажо келтирилди.

Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан бошқарма томонидан хизмат вазифасини бажариш вақтида вафот этган чегара қўшинлари аскарларининг оила аъзоларига озиқ-овқат маҳсулотлари, нақд пул кўринишидаги моддий ёрдам ҳамда хўжалик учун зарур ускуналар топширилди.