Жазирама об-ҳавода ишлаш осон эмас

Ёзнинг жазирамаси бошланди. Юқори ҳароратли бу об-ҳаво шароитида корхоналарда ишлаётган ходимлар ва иш берувчилар томонидан белгиланган тартибдаги микроиқлим бўйича санитария-гигиена қоидаларига амал қилиб ишлаш талаб этилади. Хусусан, корхоналарда йилнинг иссиқ даврида ишлаб чиқариш хоналари, цехлар, бўлимлар ва бошқа ёпиқ ҳудудларда микроиқлим Санитария қоидалари ва меъёрларининг 0324-16 талаблари асосида бўлиши лозим.

Енгил I категорияли ишларда ҳаво ҳарорати 24-27 даража, ҳавонинг нисбий намлиги 40-60 фоиз ва ҳаво ҳаракати тезлиги 0,1-0,2 м/с.дан ошмаслиги керак. Ўрта оғирликдаги ишларда эса ҳавонинг ҳарорати 22-25 даража,  ҳавонинг нисбий намлиги 40-60 фоиз, ҳаво ҳаракати тезлиги 0,3 м/с.дан ошмаслиги кузда тутилган. Оғир, яъни III категорияли ишларда ҳаво ҳарорати 21-23 даражада бўлиши, ҳавонинг нисбий намлиги 40-60 фоиздан ошиб кетмаслиги зарур.

Меҳнат кодексининг 25-, 276-, 352- ва 359-моддалари ҳамда “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддасига мувофиқ, барча корхоналарда хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитлари яратилган бўлиши шарт. Бундай қулай иш шароитларини яратиб бериш иш берувчининг мажбурияти ҳисобланади.

Иш берувчи ҳаво ҳарорати юқори вақтда биноларда миқроиқлим шароитини яхшилайдиган кондиционер, вентиляция, қуруқ ҳавони намлантириш ускуналари билан таъминлаб, ишлашини назорат қилиши талаб этилади. Агар бунинг иложи бўлмаса, ходимларнинг иш қоидаларини ўзгартириб, дам олиш вақтларини кўпайтиришга тўғри келади. Шунингдек, иш вақтининг қисқартирилиши ва ходимларни бепул тоза ичимлик сув билан таъминлаш чоралари кўрилиши лозим.

Меҳнат шароитлари бўйича иссиқда очиқ майдонларда бажариладиган ишлар Iа-III иш категориясига мувофиқ, ҳаво ҳарорати 34,2-36 даражадан юқори бўлганда инсон соғлиғи учун ўта хавфли ҳисобланади. 0141-03-сон Санитария қоидалари ва меъёрларига мувофиқ бу ҳолатда иш вақтини куннинг салқин вақтларига кўчириш мақсадга мувофиқ.

Агарда ишчилар қурилиш майдонларида ва далаларда ишлаётган бўлса, иш берувчи томонидан мавсумга мос бўлган ҳимоя воситалари ажратилиб, иш режими ўзгартирилиши керак. Дам олиш вақтларини узайтириш, ишлаш соатларини ўзгартириш ёки вақтинча ишни тўхтатиш ҳамда иш вақтининг қисқартирилиши зарур. Шунингдек, ходимлар бепул тоза ичимлик (минерал) сув билан таъминланса, мақсадга мувофиқ.

Ушбу даврда ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қолинади.

Корхонадаги бундай ишларнинг рўйхати ва уларни бажаришда иш вақтининг муайян муддати тармоқ (тариф) келишувларида, жамоа шартномаларида белгилаб қўйилади. Агар улар тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб олинган ҳолда амалга оширилади.

Меҳнат кодексининг 21-, 22-, 355-моддаларига мувофиқ, ходим иш жараёнида ўзининг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатлар юзага келиб қолганлиги тўғрисида иш берувчига дарҳол хабар қилиши, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилишини текшириб бориш ва назорат қилиш билан шуғулланувчи органлар ана шу ҳолатларни тасдиқлаган тақдирда иш берувчи уларни бартараф этиш чораларини кўриши лозим. Агар зарур чоралар кўрилмаса, ходим ўзининг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатлар бартараф этилгунга қадар тегишли ишни бажаришни рад этишга ҳақли. Ана шу давр мобайнида ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қолиши бўйича талаблар белгиланган.

Ҳаво ҳарорати даражаси юқори бўлганда кўпроқ сояда бўлиш, ёрқин рангли, енгил, табиий матолардан тикилган кийим кийиш 55 ёшдан юқори бўлган ходимлар учун жуда зарур. Бош қийим ёки соябон билан юриш тавсия қилинади.

Шунингдек, мутахассислар жисмоний фаолиятни камайтириш, автомашинада бўлиш вақтини қисқартириш, кўпроқ суюқлик ичиш, соат 10:00-18:00 оралиғида кўчага чиқмасликка чақирмоқда.

Шифокорлар эса юрак-қон томирлари ва буйрак касалликларидан азият чекаётган ходимларга кўп суюқлик ичиш мумкин эмаслигини тавсия қилишмоқда. Овқатни кичик миқдор, улуш (порсия)лар билан ейиш керак. Гўшт ва таркибида ёғлари бўлган маҳсулотларни камайтириш зарур. Ўсимлик маҳсулотлари истеъмолини кўпайтириш тавсия этилади.

Агар сизда бош айланиши, бош оғриғи, ҳолсизланиш, кўнгил айниши, бадан қақшаши каби белгилар кузатилганда офтоб урганига гумонланиб шифокорга мурожаат қилиш лозим.

Орифжон МИЗАМОВ,

Ўзбекистон касаба уюшмалари

Федерациясининг вилоят кенгаши

етакчи мутахассиси.