Жинсий зўравонлик содир этган шахсларга муддатидан олдин озод қилиш тартиби қўлланилмайди

«Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун кучга кирди.

Мазкур қонун ҳаётдаги айрим нохуш тенденцияларнинг, жиноятларнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади. Чунки қонунчилигимизда хотин-қизлар, болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда баъзи бир бўшлиқлар, туйнуклар бор эди. Бу борадаги камчиликларни бартараф этиш нафақат ҳуқуқий, балки ахлоқий, ижтимоий-маънавий, тарбиявий, қолаверса, сиёсий масаладир.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясида “Ўзбекистон демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат”, деб мустаҳкамланмоқда. Давлатимиз қай даражада бу борадаги мажбуриятларини бажара олади, қай даражада гендер масалаларини, умуман, ижтимоий адолатни таъминлай олади, деган саволга ижобий жавоб ўта муҳимдир.

Миллий қонунчилик тизимини реал ҳаёт талабларига мослаштириб бориш шарт. Реал ҳаётда эса ҳамма бирдай қонун талабларига, ахлоқ ва оддий инсонпарварлик талабларига итоат этмайди.

Ахборот оқими, ижтимоий тармоқлар, супер қаҳрамонликни тарғиб этувчи электрон ўйинлар ва фильмлар айрим кишиларда, айниқса, айрим ёшларда нафс ва ҳирсни, юлғучлик ва маиший носоғлом эҳтиёжларни, худбинликни кучайтирди. Натижада оилавий зўравонлик, номусга тегиш жиноятлари, оилавий ажримлар сони ўсиб бораётир. Айрим ота-оналар болаларини қаровсиз қолдириб, меҳнат миграциясига ёки узоқ муддатга четга чиқиб кетмоқда.

Замонавий тараққиётнинг нафақат ижобий, балки мана шундай салбий тенденцияларини ҳисобга олиб, қонунчилик такомиллаштирилди. Зотан, бутун дунёда гендер тенглик, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, инсоний қадр-қимматини камситилишига қарши муросасиз кураш, қўлланиладиган жазо чоралари кучайиб бормоқда. Миллий қонунчилигимизда ҳам бундай жиноятларга қарши жазо чоралари кучайтирилиши ҳаётий заруратдир.

Шу пайтгача қонунчилигимизда ҳатто «оилавий (маиший) зўравонлик», «таъқиб этиш» каби тушунчалар йўқ эди. Қонунчиликда бундай бўшлиқлар сабаб оилавий зўравонлик ва шаҳвоний таъқибга жамоатчилик ва ҳуқуқ органлари жиддий қарамаган.

Хоразмдаги болалар уйида тарбияланувчи вояга етмаган қизлар билан боғлиқ хунук ҳолат юқоридаги фикрни тасдиқлайди.

Янги қонунга кўра, тўққиз қонунга ҳамда Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Оила ва Меҳнат кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Энди жинсий зўравонлик содир этган шахсларга, шартли равишда муддатидан илгари озод қилиш тартиби қўлланилмайди. Бундай шахсларнинг ўқитувчи, тарбиячи, тўгарак раҳбари, болалар спорт мураббийи бўлиб ишлаши тақиқланди.

Ахборот технологиялари ривожланиши, қўл телефонлари ёрдамида турли ҳолатларни видеога тушириб олиб ёки пикант суратларини қинғир йўллар билан қўлга киритиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштириш ёки тарқатаман, дея қўрқитишга нисбатан ҳам жазо чоралари кўрилади. Жиноят кодекси шу мақсадга қаратилган янги модда билан тўлдирилди.

Болалар манфаатини кўзлаб алиментчиларни маъмурий ҳуқуқбузарлик қилганда «ҳақ тўланадиган жамоат ишлари»га мажбурий жалб қилиш, меҳнат миграциясига чиқиб кетган ота-оналарнинг боласини васий, ҳомий тайинламасдан қаровсиз қолдириши маъмурий жавобгарликка сабаб бўлиши ва бошқа долзарб масалалар қамраб олинган.

Халқимизда «Эр-хотиннинг уруши – дока рўмолнинг қуриши», деган нақл бор. Бу нақл аслида оилада учраб турадиган эр-хотиннинг баҳслашиб, аразлашиб қолишига тааллуқли. Бу хотин, бола-чақанинг камситилиши, уларга нисбатан зулм қилиниши ёки уларни хўрлашни билдирмайди.

Афсуски, юқоридаги нақлга кўра, қўни-қўшни, маҳалла аҳли, ҳатто қариндош-уруғлар баъзи нотинч оилалардаги келишмовчилик ва можароларга аралашмайди, бефарқ қарайди. Бефарқлик эса хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонликларни бартараф этишга халақит бермоқда. Масалага тизимли ёндашиш, мактаб ва боғчадан болаларни қонунга итоаткорликка ўргатиб бориш керак. Ҳуқуқий ва ахлоқий маданиятимиз шиддат билан ўзгараётган ҳаётдан ортда қолмаслиги зарур.

Абдураҳим Эркаев,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.