Жиззахлик ва самарқандлик ёш ижодкорлар сараланди

Самарқанд шаҳрида республика ёш ижодкорларининг “Истеъдод мактаби” танловининг ҳудудий босқичи ўтказилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган икки кунлик тадбирда сараланган 10 нафар жиззахлик ва 10 нафар самарқандлик ёшлар беш йўналиш бўйича ўз билимларини синовдан ўтказди.
18 ёшдан 35 ёшгача бўлган ижодкорлар ўртасида бўлиб ўтган танловда ёшлар назм, наср, публицистика, болалар ижодиёти, таржимонлик йўналишлари бўйича беллашди.

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саидов, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир қатнашиб, бу каби тадбирлар истеъдодли ва иқтидорли ёшларни кашф этишида катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

Анжуман давомида ижоди юқори баҳоланган ёшларнинг асарлари жамланиб, “Биринчи китобим” лойиҳаси доирасида чоп этилади.

Тадбир якунида семинар иштирокчиларига сертификат ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Регистон майдонида ҳудудий семинар қатнашчилари иштирокида “Самарқанд шеърият оқшоми” мушоираси ҳам ўтказилди.

Шунингдек, 18 нафар самарқандлик ижодкорлар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига янгидан қабул қилингани эълон қилиниб, уларга аъзолик гувоҳномалари топширилди.

Ҳусан Элтоев.