Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қирғизистонда фонограммада қўшиқ айтиш таъқиқланди

2023 йил 1 январдан бошлаб Қирғизистонда давлат идораларида ва оммавий тадбирларда фонограммада куйлаш тақиқланди. 

Ушбу тақиқ театрлар, спорт муассасалари, концерт заллари, кинозаллар, клублар, музейлар, кутубхоналар ва  филармонияларда амал қилади. 

Қирғизистонда жонли ижро бўйича гап-сўзлар 2021 йилда бошланган эди. Ўшанда маданият вазирлиги концерт афишаларида ва чипталарда ижро этиладиган қўшиқ “фонограмма” ёки “жонли овоз” деб кўрсатилиши шартлигини талаб қилувчи буйруқ чиқарганди, дея хабар бермоқда УзА. 

Масалан, Тожикистонда фонограмма орқали ижро этиш 2007 йилда тақиқланган, деб ёзмоқда Тожикистоннинг “Ховар” агентлиги. Тақиқ эълон қилинишига асосий сабаблардан бири сифатида «фонограммада овоз ёзиш қўшиқчилик-мусиқа санъати ривожига салбий таъсир этиши» кўрсатилган, дейилади хабарда. 

Ундан ҳам олдин, яъни 2005 йилда Туркманистонда давлат концертларида ҳам, оилавий тантаналарда ҳам фонограммада куйлаш тақиқлаб қўйилган эди. Ушбу тақиқдан мақсад «асл маданий қадриятларни чет омиллардан ҳимоя қилишдир», дейилган. 

Ўзбекистонда бу тартиб сал кейинроқ – 2018 йилда жорий қилинган.  Давлат байрамларида иштирок этадиган барча хонандалар қўшиқларини жонли ижро этиши керак. 

2020 йилда Қозоғистон Президенти  Қосим-Жомарт Тоқаев маданият масалалари бўйича тузатишни имзолади, унда томошабинларни концерт фонограммада  ижро этилиши ҳақида олдиндан огоҳлантириш мажбурий қилиб қўйилди.

Фонограммада куйлаш нафақат Марказий Осиё мамлакатларида, балки Хитой, Озарбайжон, Молдова, АҚШ ва бошқа бир қанча мамлакатларда ҳам тақиқланади. Қолаверса, фонограммада куйлашга қарши кураш масаласига кўп мамлакатларда жиддий ёндошилмоқда. Масалан, Озарбайжонда фонограммада қўшиқ ижро этиш  бутунлай тақиқланган. Бокуга гостролга келган барча россиялик артистлар қўшиқларини жонли ижрода тақдим қилишга мажбур.  

АҚШда фонограммада чиқиш қилиш қонун билан тақиқланган, концертга сотиб олинган чиптада ва рекламада бу ҳақда кўрсатилмаган бўлса, жавобгарликка тортилади.