Жомбойлик ёшлар ғайратли ва шижоатли. Фақат уларга эътибор ва кўмак зарур

Самарқанд вилояти касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи Азиз Насимов жомбойлик ёшлар билан учрашди.
Унда туманнинг Гулистон, Мойличуқур, Самарқанд, Аҳмаджон Қурбонов, Тошкент маҳаллаларида яшовчи ёшлар ҳамда Жомбой маиший хизмат касб-ҳунар коллежи ўқувчилари иштирок этди.
Дастлаб Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилиб, унда белгилаб берилган вазифаларни амалга оширишда ёшларнинг алоҳида ўрни борлиги таъкидланди. Учрашув давомида ёшларнинг фикр, таклиф ва мулоҳазалари тингланди.
- Коллежда уч йил давомида тикувчилик ва бу борада фаолият юритиш учун назарий билимларга эга бўлдим, - дейди Гулистон маҳалласида яшовчи Маржона Турсунова. – Энди маҳалламизда тикувчилик цехи ташкил этиб, ўн нафар тенгдошимни иш билан таъминламоқчиман. Аммо етарли сармоям йўқ. Қаердан, кимдан кўмак олсам бўлади?
- Бу йил коллежни битираман, олий ўқув юртида ўқишни давом эттирмоқчиман, - дейди Жомбой маиший хизмат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Рўшана Ўсарова. – Жорий ўқув йилида институтга ҳужжат топшириш ва абитуриентлар учун бошқа имкониятлар бериляпти, деб эшитдик. Бу ҳақда батафсил маълумот бера оласизми?
А.Насимов тадбиркор бўлишни истаган ёшларга “Ёшлар — келажагимиз” дастури асосида кам фоизли кредитлар берилаётгани, абитуриентлар учун яратилаётган шароитлар ҳақида тушунчалар берди.
Шунингдек, бошқарма бошлиғи Жомбой маиший хизмат касб-ҳунар коллежида абитуриентлар учун яратилаётган имконият ва имтиёзларни онлайн тарзда бериб борадиган электрон доска ташкил этиш ташаббуси билан чиқди.