Жонингизга жабр қилманг, тўйбоши!
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг эллик биринчи сессиясида ушбу лойиҳанинг муҳокама этилиши масаланинг турмушимизда долзарблигини кўрсатади.
Дарҳақиқат, тўй-ҳашамлар, бошқа маросимлар турмуш маданиятимиз, ўлмас қадриятларимизнинг ажралмас қисми. Аммо, кейинги пайтда уларни ўтказишда миллий ўзига хослигимиз, тарбиявий, ижтимоий аҳамиятидан кўра, дабдабалиги, шуҳратпарастлик, кимўзарликни кўрсатишга кўпроқ уринилмоқда. Бу эса аҳоли маънавий дунёқарашига салбий таъсир кўрсатиш билан бирга, оилалар бюджетига катта зарар етказмоқда. Ортиқча исрофгарчиликларни келтириб чиқармоқда. Энг ёмони, урф-одатимизга ёт турли хил бўлмағур маросимлар пайдо бўляпти.
Уларга барҳам беришда менингча, энг аввало, ҳурматли аёлларимиз, кайвони оналаримиз, қиз-жувонларимиз фаол бўлишлари керак. Негаки, тўй-маросимлар "сценарий"си, аввало, оилаларда кўпинча муҳтарама аёлларимиз томонидан ишлаб чиқилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Биз туманимизда аҳоли билан учрашувларда, суҳбатларда муаммонинг ана шу жиҳатларига эътибор қаратяпмиз. Шу ўринда бир мулоҳазани айтиб ўтишни истардим. Тўй-маросимларни ихчам, камхаражат, исрофгарчиликсиз ўтказишда оқсоқоллар, фаоллар бевосита ўша маросимларда тушунтириш ишларини олиб боришлари керак.
Бу радио, телевидение, матбуот, расмий йиғилишлардаги чиқишлардан кўра самаралироқ бўлиши шубҳасиз. Чунки бундай тушунтиришларда бевосита тўй-маросим иштирокчилари, фуқаролар, кайвони отахону онахонлар, фаол хотин-қизларнинг ўзлари муносабат билдиришади. Бундай тушунтириш-тарғибот ишларини ота-оналар оилада йўлга қўйсалар, тўй-маросимлар, хотира маъракаси моҳиятини фарзандлар онгига ёшлигидан сингдирсалар, бошланган хайрли иш, албатта, ўзининг ижобий натижасини беради.
Лайло ЭРГАШЕВА,
Маънавият ва маърифат маркази Оқдарё туман бўлинмаси раҳбари.