Жорий йилнинг 9 ойида 255 минг 276 тонна маҳсулот истеъмолга яроқсиз деб топилган

Бу ҳақда вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасида вилоятга кириб келаётган ва ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат, қурилиш ва бошқа маҳсулотларни хавфсизлик талабларини текшириш хизмати фаолиятига бағишланган пресс-турда маълум қилинди.

- Жорий йилнинг 9 ойида бошқарма ва унинг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан ўтказилган назорат тадбирларида 255 минг 276 тонна сифатсиз ва истеъмолга яроқсиз маҳсулот аниқланди, - дейди вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси овқатланиш гигиена бўлими санитария врачи Шерзод Шарипов. - Жумладан, 189 тонна гўшт, 93 тонна сут, 203 тонна балиқ, 3 тонна нон, 15 тонна қандолат маҳсулотлари, 1238 тонна мева-сабзавот, 11 тонна спиртли ичимликлар, 252 минг 376 тонна консерва, 707 тонна ош тузи ва 414 тонна уй шароитида тайёрланган пишириқлар белгиланган тартибда истеъмолдан олиниб, реализацияси тақиқланган.

Жорий йилнинг ўтган даврида вилоят аҳолиси ўртасида овқатдан заҳарланиш билан боғлиқ 5 та ҳолат қайд этилиб, 51 нафар фуқаро жабрланган. Заҳарланиш ҳолатларининг иккитасида 3 нафар фуқарони ботулизм касаллиги билан касалланишига уй шароитида тайёрланган қўлбола мева-сабзавот консервалари, уч ҳолатда 48 нафар фуқарони овқат-токсико инфекцияси билан шифохонага ётқизилишига сабаб бўлган.

Шунингдек, назоратдаги 53 та деҳқон бозорининг санитария ҳолати текширилиб, 22 тасида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Ҳолат юзасидан масъул шахсларга нисбатан маъмурий баённомалар тузилиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган ва суд органларига юборилган. Шу билан бирга, текширишлар давомида 48 нафар ходим тиббий кўрикдан ўтмаганлиги сабабли белгиланган тартибда ишдан четлаштирилган ва аниқланган камчиликлар бўйича тегишли ташкилотларга 15 та тақдимнома киритилган.

Бундан ташқари, вилоятдаги озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхоналарида фаолият юритувчи 262 нафар, умумий овқатланиш корхоналарида ишловчи 434 нафар, савдо ташкилотларида ишловчи 267 нафар ходим белгиланган муддатларда тиббий кўрикдан ўтмаганлиги аниқланиб, 119 нафарини ишдан четлаштириш тўғрисида ҳужжатлар расмийлаштирилган ва 400 нафарига нисбатан маъмурий баённомалар тузилган.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.