ЖССТ COVID-19’га қарши курашиш учун яна 100 миллиард доллар кераклигини маълум қилди

Бу ҳақда ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесус маълум қилди, деб хабар берди «РБК».

Унинг айтишича, биргина G20 мамлакатлари пандемия оқибатларини бартараф этиш учун 10 триллион долларни сафарбар этган.

«Яна 10 триллион долларни COVID-19’нинг кейинги тўлқинига сарфлашдан олдин бизнинг ҳисоб-китобларга кўра дунё яна 100 миллиард доллар сарфлаши лозим бўлади, айниқса ишлаб чиқилаётган янги вакциналарни сотиб олиш учун», — деган Гебрейесус 13 август куни.

Унинг таъкидлашича, ҳозирда ЖССТнинг коронавирусга қарши воситаларни яратиш, ишлаб чиқариш, тартибга солиш ва сотувга чиқаришни тезлаштириш бўйича халқаро лойиҳасига 31,3 миллиард доллар миқдорида маблағ зарур.

Гебрейесус Халқаро валюта фондининг ҳисоб-китобини келтирган бўлиб, унга кўра коронавирус пандемияси дунё иқтисодиётига ҳар ойда 375 миллиард долларга тушмоқда.

Шунингдек, орасидан энг яхшисини танлаб олиш учун дунёга коронавирусга қарши бир неча вакцина зарурлигини таъкидлаган. Унинг айтишича, яратилган кўп препаратлар ҳозирча ишлаб чиқишнинг дастлабки босқичда турибди.

Айни пайтда дунё бўйлаб бир неча вакциналар ҳозирда якуний синов жараёнида. Россия биринчилардан бўлиб COVID-19’га қарши вакцинани рўйхатдан ўтказди. Ушбу вакцинанинг икки дозаси камида 10 доллардан сотилиши кутилмоқда.

АҚШда Moderna компанияси ишлаб чиқарган вакцина 30 минг кишида якуний синовдан ўтказилмоқда. Қозоғистонда эса 1 август куни COVID-19’га қарши биринчи эмлаш ўтказилган. Германияда коронавирус вакцинаси 2020 йил охирида фойдаланиш учун тасдиқланиши кутилмоқда.

Аввалроқ ЖССТнинг соғлиқни сақлаш соҳасида фавқулодда вазиятлар бўйича дастури директори Майкл Райан тадқиқотчилар коронавирусга қарши вакциналар яратишда салмоқли натижаларга эришгани, бироқ улар 2021 йилдан эртароқ қўлланилмаслигини айтганди. Тедрос Гебрейесус эса коронавирусга қарши яратилаётган вакциналар омадсизлик билан якун топиши мумкинлигини билдирган.