ЖССТ: Европада маймунчечак ва COVID-19 кескин ўсмоқда

Европада сўнгги икки ҳафта ичида маймунчечак билан касалланганлар сони уч баробар ошди, деди ЖССТнинг Европа бўйича минтақавий директори Ханс Клюге. Бу ҳақда Associated Press хабар бермоқда.

Клуге Европа давлатларини касаллик билан курашиш учун кўпроқ ҳаракат қилишга чақирди. АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари маълумотига кўра, дунёнинг 51 мамлакатида 5000 дан ортиқ маймунчечак инфекцияси қайд этилган. Европа умумий соннинг қарийб 90 фоизини ташкил қилади.

ЖССТнинг Европа минтақавий директори, шунингдек, касалланганларнинг 99 фоизи эркаклар эканлигини қўшимча қилди.

Шунингдек, бир қатор Европа мамлакатлари коронавирус билан касалланишнинг ўсиб бораётганидан хавотирда.

Мисол учун, Италияда бир суткада 86,3 мингдан ортиқ коронавирус ҳолати аниқланган бўлса, бир кун аввал – 83,2 минг қайд этилди. Сўнгги 24 соат ичида 72 киши коронавирус инфекциясидан вафот этди.

Буюк Британияда, ўз навбатида, бир ҳафта ичида COVID-19 билан касалланганлар сонининг деярли уч баравар кўпайиши қайд этилди. Июнь ойи охирида 2,3 миллионга яқин коронавирус ҳолати қайд этилган.

Франция тиббий хизматлари маълумотларига кўра, 30 июнь куни мамлакатда 133 000 дан ортиқ коронавирус ҳолати аниқланган, бу ўтган ҳафтага нисбатан 67 фоизга кўпдир.

Бир кун олдин ЖССТ бу ёзда Европада коронавирус тарқалишининг "юқори даражаси" кутилаётганини айтди. Ташкилот маълумотларига кўра, минтақанинг деярли барча мамлакатларида касалланиш ўсиши кузатилмоқда ва энг юқори кўрсаткич Австрия, Франция, Германия, Греция, Люксембург, Португалия ва Кипрда қайд этилган.