ЖССТ коронавирус билан касалланиш кўпайганлигини эълон қилди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) сўнгги бир ҳафта ичида олдинги олти ҳафталик доимий пасайишдан сўнг коронавирус билан касалланиш кўпайганлигини хабар қилди. Бу ҳақда ТАСС ёзади.
Ташкилот маълумотига кўра, ўтган ҳафта 2,6 миллиондан ортиқ янги ҳолатлар қайд этилди, бу аввалги ҳафтага нисбатан 7 фоизга кўпдир.
Юқтириш ортиши Шарқий Ўрта ер денгизи минтақаларида касалликнинг кўпайиши билан боғлиқ бўлиб, ўсиш 14 фоизни, Жануби-Шарқий Осиёда 9 фоиз ва Америкада 6 фоизни ташкил этди.
Сабаблари қилиб коронавирус турлари тарқалишининг давом этиши, чеклов чораларини юмшатиш кўрсатилмоқда.
Шу билан бирга, ўлим сони камайишда давом этмоқда. Шундай қилиб, 22-28 февраль кунлари бир ҳафта давомида 2 658 823 янги ҳолат ва 63 477 ўлим қайд этилди.
Олдинроқ ЖССТнинг Европа бўлими раҳбари Ханс Клюге Европада коронавирус билан касалланиш кўпайиши қайта бошланганининг дастлабки белгиларини эълон қилганди. Унга кўра, сўнгги 24 соат ичида “COVID-19”ни дунёда энг кўп юқтирган ўнта мамлакатдан тўрттаси Европа минтақасида жойлашган.